Енгил вазн тоифасида амалдор UFC чемпиони Илия Топурия яқин орада яна октагонга қадам қўйишини очиқ қилди. Унинг айтишича, ғалабалар силсиласини узайтириш ва янги юксакликларни эгаллаш учун тайёргарлик тўлиқ суръатда кетмоқда.
Чемпион ижтимоий тармоқда мухлисларига қисқа, лекин қатъий сигнал йўллади: “Қирол қайтади. Ҳеч ким ўзини хавфсиз ҳис қилмасин. Навбатга туринг — юриш давом этади”, дея ёзди жангчи, рақиблар сафидаги ҳар бир даъвогарга ишора қилган ҳолда.
Эслатиб ўтамиз, Топурия сўнгги беллашувини 2025 йил 29 июнда ўтказган эди. Ўша тунда у енгил вазнда бўш турган чемпионлик камари учун 35 ёшли собиқ қирол Чарлз Оливейрага қарши майдонга тушиб, кечувни биринчи раунддаёқ ишончли нокаут билан якунлаган. Шу ғалаба ортидан Илия титулни белбоғига тақиб, дивизион етакчиси сифатида ўз сўзини айтганди.
Ҳозирча сана ва рақиб юзасидан расмий маълумот эълон қилинмаган, аммо чемпионнинг оҳангига қараганда, октагонга қайтиш санаси яқин. Демак, енгил вазндаги довруғли номзодлар учун навбат яна узайиши, муҳими — Топуриянинг “босқини” давом этиши аниқ. Мухлислар эса навбатдаги шоуни сабрсизлик билан кутаяпти.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!