date

Кувайт устози Соуза: Ўзбекистонга қарши ўйин — катта шараф

Кувайт устози Соуза: Ўзбекистонга қарши ўйин — катта шараф

Ўртоқлик баҳси арафасида Кувайт терма жамоаси бош мураббийи Элио Соуза матбуот анжуманида очиқ ва самимий фикрларини билдирди. Унга кўра, Ўзбекистондек жамоага қарши ўйин нафақат фойдали синов, балки катта шараф ҳамдир.

Соуза авваламбор юртимиз номидан ўтказиладиган U-20 Жаҳон чемпионати мезбонлиги муносабати билан табрик йўллади: “Ўзбекистон футболни ривожлантиришда изчил қадам ташлаяпти. Бу йўлда омад тилайман”, — деди у.

Каннаваро масаласи ҳам четлаб ўтилмади. Португалиялик мутахассис ўзини ЎФАнинг аввалги “шорт-листи”да бўлгани ҳақидаги гап-сўзларни рад этди: “Йўқ, мен бу ҳақда изоҳ бермайман — ҳозир Кувайт термасининг бош мураббийиман”, — дея қисқа жавоб қайтарди. Шунга қўшимча равишда, Фабио Каннаваро ҳақида илиқ сўзлар айтди: “2006 йилги жаҳон чемпиони, Хитой термаси тажрибаси бор. Ўйинчилар билан тез тил топишса, натижа бера олади”.

Кувайтнинг ўтмишдаги қудрати ва сўнгги йиллардаги таназзули ҳақида сўралганда Соуза тарихий фактни эсга олди: “Форс Кўрфазидан мундиалга чиққан илк жамоа — Кувайт. Ҳозир ҳар бир футболчини алоҳида таҳлил қиляпмиз. Осиё кубогига муносиб тайёргарлик кўриб, футболимиз нуфузини қайтариш ниятдамиз”.

Эртанги баҳсга доир саволда эса рақибни алоҳида мақтади: “Ўзбекистон охирги учрашувлари билан нафақат Осиёда, балки жаҳон миқёсида ҳам кучли жамоалардан бирига айланиб бормоқда. Европада тўп сураётган ўйинчилари кўп. Бирортасини ажратмайман — ҳар бири хавфли. Замонавий, чиройли стадионда яхши натижага интилaмиз”.

Европа ва Осиё футболи ўртасидаги фарқ ҳақида: “Асосий тафовут — тайёргарлик маданиятида. Европада профессионаллик даражаси баланд. Кувайтда ҳам шу стандартга чиқиш устида ишлаяпмиз”, — дея хулоса қилди Соуза.

Қисқаси, Кувайт устози учун бу ўйин — янги қолиплар синови, Ўзбекистон учун эса Каннаваро давридаги дастлабки чек-поинт. Энди навбат майдонга — барчасини у ерда ҳал қиламиз.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Кувайт устози Соуза: Ўзбекистонга қарши ўйин — катта шараф