Ўзбекистон миллий термасига янги бош мураббий тайинланиши футбол жамоатчилигида катта муҳокамага сабаб бўлди. Миллий жамоамизнинг собиқ бош мураббийи Валерий Непомняший ҳам мазкур қарор юзасидан ўз фикрини билдирди.
Россиялик мутахассисга кўра, Фабио Каннаваронинг келиши кутилмаган қарор бўлган. Унинг таъкидлашича, аввалги бош мураббий Тимур Кападзе жамоани яхши билади, ўйинчилар билан ишлаш тажрибасига эга ва миллий терма учун кўпроқ мос келарди.
“Биринчидан, мен Тимур Кападзени яхши биламан. Ўзбекистонда ишлаган пайтимда у менинг шогирдим бўлган. Жуда яхши йигит ва қобилиятли мутахассис. Охирги 3–4 ўйинда у жамоани муносиб бошқарди. Бироқ Каннаваро билан таққослаганда, менимча, Кападзе миллий термага кўпроқ мос эди,” — деди Непомняший журналистлар билан суҳбатда.
Унинг сўзларига кўра, Кападзе жамоадаги муҳитни, футболчиларнинг хусусиятларини ва ички муҳокамаларни яхши билган. Шу боис, унинг ишдан кетиши Непомняший учун ғалати ва кутилмаган ҳолат бўлган.
“Бу қарор мен учун тушунарсиз бўлди. Нима учун шундай ўзгариш қилингани маълум эмас. Футболчилар Кападзени яхши танишарди, у эса жамоани руҳан бирлаштира олганди. Унинг терма мураббийлар штабида қолиши ҳақида эшитдим, аммо менимча, бу ҳам тўғри қарор эмас,” — дея қўшимча қилди мутахассис.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоасига яқинда Жаҳон чемпионати-2006 ғолиби Фабио Каннаваро бош мураббий сифатида тайинланди.
Валерий Непомняший эса 2006 йилда Ўзбекистон терма жамоасини бошқарган ва ўша даврда миллий жамоа билан бир қатор муҳим мусобақаларда иштирок этган эди.
Мураббийнинг фикрича, термадаги ҳар қандай ўзгариш футболчиларнинг кайфияти ва натижасига таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун у мураббийлар алмашинишида изчиллик сақланишини муҳим деб ҳисоблайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!