Англия Премьер-лигасидаги тўпурарлар баҳси тобора қизияпти. Аммо “Борнмут” форварди Антуан Семеньо “Манчестер Сити” етакчиси Эрлинг Холанднинг кучига ҳурмат билан қарайди ва рақобатда ундан устун келиш осон эмаслигини тан олади.
Футболчининг сўзларига кўра, Холанд ҳозирги замон ҳужумчиларининг энг мукаммал намунаси.
– Холанд ҳақиқатан ҳам биринчи рақамли тўпурар. Унинг ураётган голларини кўрганда, “бундай нарса ҳаётда бўлиши мумкин эмас”, деб ўйлаб қоламан. Бўйи баланд, жисмоний жиҳатдан бақувват, тезкор ҳаракат қилади ва гол уришни жуда яхши билади. Ҳужумчи учун керакли барча фазилатлар унда бор, – деди Антуан Семеньо.
Ҳақиқатдан ҳам, норвегиялик юлдуз бу мавсумда Премьер-лига дарвозабонларига тинчлик бермаяпти. Эрлинг Холанд жорий мавсумда тўққиз бор рақиб дарвозасини ишғол қилди ва сентябр ойининг энг яхши футболчиси, деб топилди.
Семеньо эса бу мавсумда ҳам яхши шаклда — у “Борнмут” сафида олти маротаба гол урди.
Мутахассислар фикрича, Холанднинг ҳозирги жисмоний ҳолати ва тажрибаси унга Премьер-лигада яна бир бор тўпурар бўлиш имконини беради. Аммо Семеньо каби ҳужумчиларнинг кучайиб бораётгани рақобатни янада қизиқли қилади.
Ҳозир Англия футболида битта савол кўп бериляпти: “Холандни ким тўхтата олади?”
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!