“Барселона”нинг ёш иқтидори ва жамоанинг асосий юлдузига айланган Ламин Ямал яна жаҳон футболи марказида. Испания ОАВ ёзишича, Саудия Арабистонининг етакчи клубларидан бири — “Ал-Ҳилол” 18 ёшли футболчи учун фантастик миқдорда таклиф киритган.
fichajes.net сайти маълумотига кўра, “Ал-Ҳилол” Ямалнинг трансфери учун “Барселона”га 400 миллион евро миқдорида бадал тўлашга тайёр. Бу сумма нафақат жамоа, балки бутун футбол тарихидаги энг катта таклифлардан бири бўлиши мумкин.
Каталонияликлар ёзда ёш иқтидор билан узоқ муддатли келишув имзолаганди. Ямал 2031 йилнинг ёзигача амал қиладиган шартномага эга бўлиб, ҳар мавсумда тахминан 21 миллион евро маош олади. У бу шартларни қабул қилган ва “Барса”да қолишни маъқуллаганди.
Бироқ Саудия клубининг таклифи футбол бозоридаги ҳар қандай миқдорни ортда қолдиради. Манбаларга кўра, “Ал-Ҳилол” Ямалга етти йиллик шартнома таклиф қилмоқда ва бу нафақат рекорд миқдордаги трансфер, балки футболчи учун молиявий жиҳатдан энг даромадли келишув бўлади.
Агар “Барселона” ва Ламин бу таклифга рози бўлса, ёш футболчи Саудияда ҳозирги маошидан бир неча баробар кўпроқ даромад олади.
Шу билан бирга, “Барса” раҳбарияти бу масалада икки лагерга бўлинган: клубнинг айрим раҳбарлари асосий юлдузини сақлаб қолиш тарафдори бўлса, бошқалар молиявий фойдани устун қўйиб, Саудия таклифини қабул қилишни маъқул кўрмоқда.
Ламин Ямалнинг келажаги ҳозирча ноаниқ, аммо битта нарса аниқ — унинг трансфери атрофидаги шов-шувлар яқин вақтларда ҳам футбол жамоатчилигининг энг қизиқарли мавзуси бўлиб қолади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!