date

“Челси” етакчи, “Реал” ва “Сити” орқада: энг қиммат жамоалар рейтинги янгиланди

“Челси” етакчи, “Реал” ва “Сити” орқада: энг қиммат жамоалар рейтинги янгиланди

Халқаро спорт тадқиқотлари маркази (CIES) жаҳон футболидаги энг қиммат таркибларга эга клублар рўйхатини эълон қилди.

Янгиланган рейтингга кўра, футболчиларининг умумий бозор қиймати бўйича Лондоннинг “Челси” клуби ҳозирча дунёда рақобатчиларидан узоқда етакчилик қилмоқда.

Бир неча мавсумдан бери трансферларга катта маблағ сарфлаётган “Челси” жамоаси футболчиларининг умумий баҳоси 1,807 миллиард еврога етган. Шу билан у “Реал Мадрид” (1,684 млрд евро) ва “Манчестер Сити” (1,485 млрд евро)дан устун келди.

“Реал”нинг юқори ўрни табиий — жамоада Жуд Беллингҳэм, Винисиус Жуниор, Мбаппе ва Родриго каби улкан юлдузлар жамланган. “Сити” эса яқин икки трансфер ойнаси давомида таркибини янгилаб, яна кучли учликка қайтди. Бу рўйхатда 35 миллион еврога баҳоланган ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусанов ҳам муҳим роль ўйнади.

CIES ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил октябрь ойи ҳолатида дунёдаги энг қиммат 10 та клуб қуйидагича:

1️⃣ Челси — €1,807 млрд
2️⃣ Реал Мадрид — €1,684 млрд
3️⃣ Манчестер Сити — €1,485 млрд
4️⃣ Арсенал — €1,474 млрд
5️⃣ Пари Сен-Жермен — €1,440 млрд
6️⃣ Ливерпуль — €1,403 млрд
7️⃣ Барселона — €1,352 млрд
8️⃣ Тоттенхэм — €1,047 млрд
9️⃣ Бавария — €934 млн
🔟 Интер — €866 млн

“Арсенал” ва “ПСЖ” ҳам юқори бешликка кирган бўлса-да, улар ҳозирча етакчи клубларни қувиб ета олмаган.

Энг қизиғи, рейтингдаги аксар жамоалар таркибини ёш ва келажакка мўлжалланган футболчилар ташкил этади. Бу эса трансфер бозорида рақобат янада кескинлашишидан дарак беради.

Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов ҳозирда нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг энг қиммат футболчиси ҳисобланади — у халқаро скаутлар диққат марказида.

Шундай қилиб, “Челси” молиявий салоҳият ва ёш иқтидорлар жиҳатидан ҳозирча дунё футболида рақобатсиз етакчи бўлиб турибди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Челси” етакчи, “Реал” ва “Сити” орқада: энг қиммат жамоалар рейтинги янгиланди