“Манчестер Сити” раҳбарияти жамоа етакчиларидан бири, “Олтин тўп” соҳиби Родри Эрнандеснинг келажагига оид муҳим қарор қабул қилди. Клуб манбаларининг маълум қилишича, агар футболчи жорий мавсум охирига қадар янги шартнома бўйича келишувга рози бўлмаса, уни келаси ёзда сотиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Defensa Central нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, Родрининг амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзигача амал қилади. Бироқ “шаҳарликлар” раҳбарияти футболчининг кейинги мавсумлардаги жисмоний ҳолати ва жароҳатларга мойиллиги туфайли эҳтиёткорлик билан қарор қабул қилмоқда.
Манба ёзишига кўра, “Манчестер Сити” ёзда Родри учун камида 65 миллион евродан бошланадиган таклифларни кўриб чиқишга тайёр. Бу ҳолат “Реал Мадрид” учун янги имконият яратиши мумкин, чунки мадридликлар ярим ҳимоячи билан қизиқишни яширмаётгани аввал ҳам хабар қилинган эди.
Шу билан бирга, “Сити” ҳозирча Родрини жамоада сақлаб қолиш учун музокараларни бошлаб юборган. Аммо клуб раҳбарияти сўнгги ойларда футболчининг ўйин даражаси олдинги ҳолатидан бироз пасайганини тан олаяпти.
Transfermarkt портали маълумотларига кўра, Родрининг жорий бозор қиймати 110 миллион еврони ташкил этади. Аммо экспертлар фикрича, кейинги янгиланишда бу сумма пасайиши эҳтимолдан холи эмас.
Шундай қилиб, “Сити” учун Родри билан боғлиқ вазият янги босқичга кирди. Ёзда унинг тақдири Европа грандлари ўртасидаги навбатдаги трансфер музокараларида асосий мавзулардан бирига айланиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!