18:32 / 29.12.2016
6 896

Одил Аҳмедов Наманганда футбол академияси очади

Одил Аҳмедов Наманганда футбол академияси очади

Россиянинг “Краснодар” клуби ва Ўзбекистон терма жамоаси ўйинчиси Одил Ахмедов “Орият доно” радиосига берган интервьюсида келаси йил Наманган вилоятида футбол академияси очиш режаси борлигини хабар қилди, деб ёзмоқда Спутник агентлиги.

Футболчи айтишига қараганда, ушбу лойиҳа устида Наманган вилояти ҳокимияти билан биргаликда иш олиб борилмоқда.

“Олдин Водийдан кўплаб етук футболчилар чиқар эди, лекин ҳозир биз бу билан мағрурлана олмаймиз. Шунинг учун ҳам, биз Наманган ҳокими билан биргаликда ушбу академияни очмоқчимиз. Худо хохласа келаси йил ёзда бутун водий бўйлаб ёш футболчилар танлови ўтказамиз. Энг яхшиларини биз академиямизга таклиф қиламиз”, — деди Одил Ахмедов.

Асосийси, биз қобилиятли ўйинчиларга диққатни қаратмоқчимиз. Биласизми, ёш футболчилар учун асосийси – бу бор куч-ғайратини аямайдиган устоз. Афсуски, ҳозир бундай устозлар кам. Бугунги кунда кўплаб тренерлар болаларга тўп бериб қўйиб, шу билан пул ишламоқда. Шунинг учун ҳам биз академияга тажрибали чет эллик мутахассиларни таклиф қилмоқчимиз. Масалан, биз бу борада “Краснодар” билан аллақачон келишиб қўйганмиз. Чет эллик мутахассислар ўз тажрибаларини ёшлар билан баҳам кўришади. Ундан ташқари бизнинг ҳам ёш мутахассларимиз бошқа мамлакатларга бориб тажриба орттиришлари мумкин. Менимча, шундай йўл билан керакли натижага эришишимиз мумкин, — деб қўшимча қилди футболчи.

Одил Ахмедов, ҳозир буни тасаввур қила олмаётган бўлсада, унинг ўзи ҳам бир кун келиб футбол тренери бўлиб ишлаши мумкинлигини эҳтимолдан холи қилмади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Одил Аҳмедов Наманганда футбол академияси очади