
“Манчестер Сити” бош мураббийи Пеп Гвардиола Лига Кубоги 4-босқичи олдидан жамоа ҳолати ҳақида фикр билдирди. Испаниялик мутахассис мухлисларни қизиқтирган уч асосий футболчи — Эрлинг Ҳоланд, Родри ва Абдуқодир Ҳусанов ҳақида маълумот берди.
“Эрлинг Ҳоландни бугун кўрмадим. Унинг оёғида кичик шикаст бор. Тушдан кейинги машғулотда унинг ҳолатини баҳолаймиз ва ўзини қандай ҳис қилаётганини кўрамиз. Ҳозирча аниқ гап йўқ, лекин эҳтиёткорлик билан ёндашяпмиз,” — деди Гвардиола матбуот анжуманида.
Шу билан бирга, у Абдуқодир Ҳусановнинг жароҳатидан тўлиқ соғайганини маълум қилди. “Абдуқодир Ҳусанов тўлиқ тайёр. У жамоа билан тўлиқ машғулот ўтказмоқда ва эртага ўйинга чиқади. Ҳатто бир неча дақиқа бўлса ҳам, уни майдонда кўрамиз,” — дея таъкидлади мураббий.
Родри ҳақида сўз кетганда, Пеп унинг ҳали тикланиш жараёнида эканини эслатди. “Родри ҳали ўзига келмади, у алоҳида тикланиш машғулотларини бажаряпти. Унинг соғайиши кутилганидан бироз узоқроқ бўлди, аммо яқин кунларда жамоа сафида бўлади,” — деди Гвардиола.
Маълумот учун, “Манчестер Сити” Лига Кубоги 4-босқичида “Суонси Сити” меҳмони сифатида майдонга тушади. Учрашув 29 октябрь куни соат 00:45 да старт олади.
Гвардиоланинг бу сўзларидан кейин мухлислар айниқса Абдуқодир Ҳусановнинг қайтишига катта қизиқиш билан интиқ бўлмоқда. 21 ёшли ўзбек ҳимоячиси “Сити”даги илк мавсумидаёқ ишонч қозонган ва унинг ҳаракатлари клуб тарафдорлари орасида алоҳида муҳокамага сабаб бўлган.
Энди эътибор — Ҳусанов майдонга қайтадиган, Пеп учун муҳим синов бўладиган “Суонси” учрашувига қаратилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!