
“Интер Майами” ҳимоячиси ва “Барселона”нинг собиқ футболчиси Жорди Алба собиқ жамоасининг ҳозирги ҳолати ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, Ҳанс-Дитер Флик раҳбарлигидаги “Барселона” тўғри йўналишда ривожланмоқда ва жамоа сўнгги мавсумдаги даражани сақлаб қолиш учун бор кучини ишга соляпти.
“Менимча, ҳозир биз ҳақиқатан ҳам кучли ‘Барселона’ ҳақида гапиряпмиз. Ўтган мавсум жуда яхши ўтганди ва бу даражада давом этиш ҳар қандай жамоа учун осон эмас. Улар ҳозир тўғри йўлда ва жуда ишончли кўриниб турибди,” — деди Алба.
Унинг сўзларига кўра, “блауграна” мураббийи Ҳанс-Дитер Флик клуб учун жуда тўғри танлов бўлган. “Мен Фликни шахсан билмайман, аммо унинг иш услубини кузатиб бораман. Унинг тактик ёндашуви ва жамоани бошқариш услуби менга жуда ёқади. “Барселона”даги кўпчилик футболчилар билан гаплашиб тураман — улар ҳам Флик ҳақида фақат яхши фикр айтишади,” — деб қўшимча қилди у.
Тажрибали ҳимоячи жамоадаги ёш авлоднинг ўсиши ва академиядан чиққан футболчиларнинг ролини ҳам алоҳида таъкидлади. “Жамоада алоҳида синф бор. Улар янги трансфер эмас, балки клубнинг ўз академияси тарбиялаган футболчилар. Бу ‘Барселона’ учун жуда муҳим омил, чунки клуб ҳар доим ёшлар орқали ўз руҳини сақлаб келган,” — деди Алба.
Жорди Алба шунингдек, собиқ жамоасининг ички муҳити ва бирдамлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Унинг фикрича, “Барселона” ҳозир ёшлар ва тажрибали футболчилар ўртасида мувозанатни топа олган, бу эса клубни яна юқори чўққиларга олиб чиқиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Жорди Алба 2012 йилдан 2023 йилгача “Барселона” шарафини ҳимоя қилган. У жамоа билан бир қатор муҳим совринларни — Ла Лига, Чемпионлар лигаси ва Испания кубокларини қўлга киритган. Ҳозирда эса Алба АҚШнинг “Интер Майами” клубида Лионель Месси ва Серхио Бускетс билан бир жамоада ўйнамоқда.
Албанинг бу фикрлари “Барселона” мухлислари орасида катта қизиқиш уйғотди. Фликнинг янги тактик ёндашуви ва ёшлар билан ишлаш услуби натижасида жамоа сўнгги ҳафталарда янада барқарор ўйин кўрсата бошлагани таъкидланмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг! 
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
 