
Собиқ машҳур футболчи Тьерри Анри "Барселона" жамоасининг ҳимоядаги тактикаси ҳақида фикр билдирди. Чоршанба куни "кўк-анорранглилар" Чемпионлар лигаси тўртинчи турида Бельгия клуби "Брюгге" билан дуранг ўйнади (3:3).
Анрининг фикрига кўра, Каталония клуби ҳимоя чизиғини жуда юқори кўтариб ўйнаши жамоага зарар келтирмоқда.
"Улар доим рақиб футболчиларига дарвозабон билан бирга бир вазиятга чиқиб кетишга имконият бермоқда. Кечикиб ҳужумга қўшилиш ҳолатлари – бу ҳар сафар хавф туғдиради. Ўзингизни бундай муаммоли вазиятга қўйишнинг нима кераги бор?" – дейди Анри CBS Sportsга берган интервьюсида.
Ла Лига турнир жадвалида "Барселона" 25 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. Чемпионлар лигасида эса Ханс-Дитер Флик бошқарган жамоа 7 очко билан 11-ўринни эгаллаб турибди.