
Суперлиганинг 28-турида бўлиб ўтган “Бунёдкор” – “Динамо” (1:3) баҳси нафақат майдонда, балки ундан ташқарида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Беллашувдан сўнг Самарқанд клуби бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида иштирок этиб, ўйин ҳақидаги фикрларини билдирди.
“Учрашув қандай кечганини ҳамма кўрди. “Бунёдкор” яхши жамоа, буни ҳамиша тан оламан. Самарқанддаги илк ўйинимизда улар бизга биринчи мағлубиятни етказганди. Шу сабаб бу баҳсда йигитларни алоҳида руҳлантиришнинг ҳожати йўқ эди — уларнинг ўзида ғалабага бўлган иштиёқ баланд эди. Жамоамга миннатдорчилик билдираман, барчамиз учун бу ўйин жуда муҳим эди. Ўйлайманки, мухлислар ҳам баҳсдан завқ олишди”, — деди мураббий.
Абрамов таъкидлашича, бу натижа нафақат жамоа учун реванш бўлди, балки чемпионатдаги курашда муҳим бурилиш нуқтаси ҳам ҳисобланади.
“Тўғриси, мен саналар ёки тарихий рақамларга кўп эътибор бермайман. Биз учун асосий мақсад — ҳар бир баҳсда ғалаба қозониш. Биринчи давра мағлубияти бизга оғир таъсир қилганди. Бугун эса ўша аламни чиқардик. “Бунёдкор” бизга яқинлашмаслиги учун ғалаба шарт эди. Яна учта ўйинимиз қолди, энди бутун диққатни уларга қаратамиз”, — деди у.
Мураббий “Динамо”нинг бу сафар узоқ масофадан кўп зарбалар берганини ҳам изоҳлади:
“Футболда ҳаммаси рақибга боғлиқ. Агар рақиб жамоавий ҳимояланса, у ҳолда майдон марказини ёриб кириш қийин бўлади. Шунинг учун биз узоқ масофадан кўпроқ зарбалар беришга мажбур бўлдик. Бу режага кирган нарса эмас, балки ўйиндаги шароитнинг ўзи шундай бўлди.”
Абрамов ёш футболчиларнинг ҳаракатидан ҳам мамнунлигини билдирди:
“Ёшларимиз яхши ўйнади. Масалан, Ўрмонжоновни кўпинча чап оёқ билан ҳимояга тортишди, у бундан кейин ҳам бундай босим остида ўйнашни ўрганиши керак. Унда катта потенциал бор.”
Мураббийдан баъзи футболчилар шартномаси тугаётгани ҳақида сўралди:
“Бу ҳақиқат, кўпчилигининг шартномаси якунланмоқда. Уларга қизиқиш борми-йўқми, ҳозир аниқ айта олмайман. Чемпионат тугагач, ҳаммаси маълум бўлади. Футболчи қаерда шароит яхши бўлса, ўша ерга интилади — бу табиий ҳол.”
Жароҳатлар масаласи ҳақида сўз юритар экан, Абрамов майдон шароитига эътибор қаратди:
“Биз кўпинча қаттиқ майдонда машғулот ўтказамиз, ўйин куни эса юмшоқ газонга чиқамиз. Бу футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигига таъсир қилади. Машғулотда резина бутси киямиз, ўйинда эса тишли бутсилар талаб этилади. Бу организмга катта юк бўлади ва жароҳат хавфини оширади.”
Абрамовнинг сўзларига кўра, “Динамо” жамоаси ҳозир юқори кайфиятда ва ҳар бир баҳсни ғалаба учун ўтказиш ниятида. “Пахтакор”нинг очко йўқотиши эса самарқандликларга янги имконият эшигини очди.
Шу тариқа, “Динамо” нафақат “Бунёдкор” устидан муҳим ғалаба қозонди, балки чемпионлик пoйгасида янада фаол иштирок этиш учун кучли психологик руҳиятни ҳам қайта тиклади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!