date

Артета: “Сандерлэнд”га қарши ўйинда жамоа кучли синовдан ўтди

Артета: “Сандерлэнд”га қарши ўйинда жамоа кучли синовдан ўтди

АПЛнинг 11-турида “Арсенал” меҳмон сифатида “Сандерлэнд” билан дуранг ўйнади — 2:2. Ушбу баҳсдан сўнг лондонликларнинг бош мураббийи Микел Артета матбуот анжуманида жамоаси ҳаракатлари ҳақида фикр билдирди. Испаниялик мутахассиснинг сўзларига кўра, бу беллашув жамоа учун ҳақиқий синов бўлган ва улар бу вазиятга тайёр эдилар.

Артета ўйин ҳақида сўзлар экан, рақибнинг жисмоний жиҳатдан жуда фаол ҳаракат қилганини таъкидлади:
— Бу ўйин ҳақиқий синов бўлди. Биз бунга тайёр эдик, аммо “Сандерлэнд” шундай услубда ўйнайдики, ҳар дақиқада рақибни босим остида ушлаб туради. Ачинарлиси, учрашув охирида гол ўтказиб юбордик. Қўшимча берилган дақиқаларнинг кўплиги ҳам баҳс қанчалик кескин кечганини кўрсатиб турибди, — деди мураббий.

Унинг сўзларига кўра, биринчи бўлимда жамоа ўз ўйинини топа олмаган ва танаффусда футболчилар билан суҳбат давомида бир неча муҳим жиҳатларга эътибор қаратилган:
— Танаффусда йигитларга шунчаки эмас, яхшироқ ҳаракат қилишимиз кераклигини айтдим. Рақибнинг ўйин услуби бизга маълум эди ва бунга тайёргарлик кўргандик. Бироқ баъзан машғулотда ишлаб чиқилган нарсани ўйин пайтида тўлиқ амалга ошириш қийин бўлади, — дея тан олди Артета.

Мураббий айниқса, рақибнинг ҳужумдаги самарадорлигини ҳам тан олди:
— Иккала гол ҳам деярли бир хил вазиятлардан урилди — узун пас, бош билан йўналтириш ва тезкор ҳаракат. “Сандерлэнд” бу услубни яхши ўзлаштирган жамоа. Шу боис улар турнир жадвалида шундай юқори ўринни эгаллаб турибди, — деди у.

Артета шунингдек, АПЛдаги рақобат даражаси жуда юқори эканини ҳам қайд этди:
— Ҳар ҳафта деярли бир хил манзара — жамоалар ўртасидаги фарқ катта эмас. Бу чемпионатнинг жозибаси шунда. Ҳозир миллий жамоалар ўйинлари сабабли танаффус бошланди, биз эса бу вақтни таҳлил ва тикланиш учун фойдаланамиз, — деди мутахассис.

Шу билан бирга, Артета жамоанинг голдан кейинги реакциясидан мамнунлигини билдириб ўтди:
— Биринчи бўлиб гол ўтказдик, аммо шундан сўнг йигитлар куч топиб, ҳисобни тенглаштиришди ва кейин олдинга чиқишди. Бу биздаги руҳий барқарорликни кўрсатди. Албатта, охирида гол ўтказиб юборганимиз аламли, лекин АПЛда шундай ўйинлар кўп бўлади. Бу мусобақанинг ўзига хос табиати, — дея сўзини якунлади “Арсенал” устози.

Лондонликлар ушбу дурангдан сўнг чемпионлик пойгасидаги мавқеини сақлаб қолиш учун кейинги турларда фақат ғалабалар ҳақида ўйламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Артета: “Сандерлэнд”га қарши ўйинда жамоа кучли синовдан ўтди