
Криштиану Роналду Ирландия ва Португалия ўртасидаги учрашувда ҳис-туйғуларини назорат қила олмади. Машҳур ҳужумчи ўйин давомида рақиб футболчи билан тўқнашувда тирсаги билан зарба берди.
Натижада, VAR тизими аралашуви билан Роналду қизил карточка олди. Ижтимоий тармоқларда бу ҳолатнинг Роналду учун қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги муҳокама қилинмоқда.
Аниқ маълумки, у 16 ноябр куни Арманистонга қарши бўладиган саралаш босқичининг сўнгги учрашувини ўтказиб юборади. Шунингдек, машҳур TheScreenshotLad саҳифасида таъкидланишича, тўғридан-тўғри қизил карточка олган Роналду камида икки ўйинга дисквалификация қилиниши мумкин.
Бу жарима расмий мусобақаларга ҳам таъсир қилади, яъни агар Португалия плей-оффсиз гуруҳда биринчи ўринни сақлаб қолиб, тўғридан-тўғри Жаҳон чемпионатига йўл оладиган бўлса, Криштиану турнирнинг дастлабки ўйинини ўтказиб юбориши эҳтимоли бор. FIFA интизомий қўмитасининг қарорини кутиш керак, чунки Роналду уч ўйинлик дисквалификация олиши ҳам мумкин.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.