
Ўзбекистон бокс мухлислари учун яна бир қувончли янгилик — мамлакатимиз терма жамоалари яна йирик мусобақада иштирок этиш арафасида. 14–21 ноябрь кунлари Ҳиндистон пойтахти Ню-Дели шаҳри World Boxing ташкилоти томонидан ўтказиладиган кубок мусобақасининг финал маросимига мезбонлик қилади. Ўзбекистон бокс федерацияси маълумотига кўра, баҳсларда юртдошларимиз эркаклар ва аёллар таркибида тўлиқ ҳажмда қатнашади.
Бу мусобақа нафақат рейтинг учун, балки янги истеъдодларни синовдан ўтказиш, жамоавий салоҳиятни янада мустаҳкамлаш ва халқаро майдонда навбатдаги тажрибага эга бўлиш нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга. Шу боис ёш ва тажрибали чарм қўлқоп усталаримиз Ню-Дели рингларига максимал тайёргарлик билан йўл олмоқда.
Эркаклар жамоаси таркиби бу гал ҳам анча кучли. -50 кг вазнда Асилбек Жалилов, -55 кгда Самандар Олимов, -60 кгда тажрибали Дилшод Абдумуродов рингга чиқади. Уларга қўшимча равишда -65 кг вазнда Адҳам Мухиддинов, -70 кгда Муҳаммадазизбек Исмоилов, -75 кгда Жавоҳир Абдураҳимов жамоанинг юкларини елкалаб беради. Шунга қўшимча, -85 кгда Жасурбек Йўлдошев, -90 кгда Нусратбек Тоҳиров ва +90 кг вазнда Ҳалимжон Мамасолиев каби номдор боксчиларимиз ҳам бор.
Мураббийлар штабида эса тажрибали мутахассислар — Раҳматжон Рўзиоҳунов, Алимардон Достанов, Ботир Маҳмудов ва Озод Ҳасанов жамоани финалга пухта тайёрламоқда.
Аёллар жамоаси ҳам ўз салоҳиятини кўрсатишга тайёр. -48 кгда Фарзона Фозилова, -51 кгда Гулсевар Ганиева, -54 кгда Нигина Ўктамова ва -57 кг вазнда Ситора Турдибекова иштирок этади. Шунингдек, -70 кгда Азиза Зокирова ҳамда оғир вазн тоифасида (+81 кг) Олтиной Сотимбоева рингга чиқишади.
Аёллар терма жамоасини Элшод Расулов, Барбаро Фернандез Хименез, Азим Худайқулов ва Истам Кабиновдан иборат мураббийлар гуруҳи бошқаради.
Мусобақада жамоа менежери сифатида Мирзоҳид Нўмонов, шифокор Комилжон Расулов ва физиотерапевт Хесус Алберто иш олиб боради. Қолаверса, ҳакам сифатида мамлакатимиз номидан Маруф Урдушев иштирок этаётгани ҳам ўзига хос ютуқ.
Ню-Делидаги мазкур кубок баҳслари боксчиларимиз учун яна бир муҳим синов, терма жамоа салоҳиятини баҳолаш имкони. Мухлислар эса навбатдаги жангларда юртдошларимиздан муносиб иштирок ва чиройли ғалабалар кутишмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.