
Озарбайжоннинг Ганжа шаҳрида 10–17 ноябрь кунлари ўтган “Ganja Open-2025” халқаро мусобақаси жорий йилнинг энг кўп иштирокчи тўплаган мусобақаларидан бири сифатида эътибор қозонди. Нуфузли турнирда дунёнинг 12 давлатига мансуб 300 дан ортиқ маҳоратли шахматчилар иштирок этди. Мукофот жамғармаси ҳам жиддий — 41 200 манат миқдорида белгилаб қўйилган эди.
Ўзбекистон шарафини мазкур мусобақада икки нафар шахматчи ҳимоя қилди. Улар орасида халқаро тоифадаги спорт устаси Муҳаммадзоҳид Суяровнинг натижаси алоҳида эътирофга лойиқ бўлди. Ёш, аммо тажрибали шахматчи блиц йўналишида барча рақибларини ортда қолдириб, биринчилик нуқтасига чиқди.
“Chess Results” платформасида эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, Суяров 9 тур давомида 7,5 очко жамғарди. Бу натижа уни нафақат пешқадамлар қаторига, балки мутлақ ғолиблар сафига олиб чиқди. Ўйинлар бир лаҳза ҳам сустлашмаган, деярли ҳар бир партияда юқори рейтингли тажрибали рақиблар учраганига қарамай, у барқарор ва аниқ ўйин билан ўз мавқеини мустаҳкамлай олди.
Унинг ғалабаси тасодиф эмас — қўшимча кўрсаткичлар бўйича ҳам Муҳаммадзоҳид барча иштирокчиларни ортда қолдирди. Партиялар давомидаги ҳисоб-китоб, тезкор қарорлар ва мукаммал стратегия унинг мусобақани бошидан охиригача назоратда ушлаб борганини кўрсатди.
“Ganja Open-2025” даги бу зафар нафақат шахмат ихлоси билан ёнаётган мухлислар учун, балки Ўзбекистон шахмат мактаби учун ҳам муҳим ютуқ ҳисобланади. Суяровнинг ғалабаси яна бир бор юртимиздаги иқтидорли ёшлар халқаро майдонда муносиб рақобат қила олишини намоён этди.
Мусобақа якунида у блиц йўналишининг мутлақ чемпиони сифатида тақдирланди ва Ганжа шахмат саҳнасида ўз номини ёрқин битиб кетди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.