date

Вадим Абрамов нол кўрсаткичдан кейин жамоани очиқча танқид қилди

Вадим Абрамов нол кўрсаткичдан кейин жамоани очиқча танқид қилди

Самарқанднинг «Динамо» клуби бош мураббийи Вадим Абрамов «Қўқон-1912»га қарши 0:0 ҳисоби билан якунланган учрашувдан кейинги матбуот анжуманида вазиятни батафсил изоҳлади. Мураббий ўз сўзларида жамоа мавсумдаги сўнгги уй ўйинида мухлислар кутган ғалабани тақдим эта олмагани учун қаттиқ афсусдалигини билдирди.

Абрамовга кўра, бугунги учрашув олдидан муаммолар кутилган, аммо улар бунчалик кўп бўлишини ҳеч ким тасаввур қилмаган. Рақиб жуда зич ва тизимли ҳимоялангани боис, «Динамо» зарур бўлган голни топа олмади. Ҳужумда тезкор қарор қабул қилиш етишмади, баъзан эса совуққонлик ўрнини шошқалоқлик эгаллаб қўйди.

Жароҳатлар ва дисквалификация — асосий дард

Бош мураббий жамоадаги кадр муаммоларини ҳам яширмади. Плетнёв дисквалификация сабаб ўйинга чиқмади.
Ратинио ва Фирдавс Абдураҳмонов эса машғулотда бир-бири билан тўқнашиб, тизза қисмини жиддий жароҳатлаб олган.

Абрамовнинг таъкидлашича, захирадан майдонга тушган футболчилар ҳам ўйин ритмини ошира олмаган. Таассуфки, бунинг барчаси жамоа ўйинининг умумий сифатига таъсир қилган.

Шу билан бирга, Ҳожимирзаевнинг сафга қайтгани ижобий янгилик бўлди. Бироқ бугун рақиб дарвозасига гол урилганида, вазият томомила бошқача кўринган бўларди.

Ҳакам фаолияти бўйича кескин фикрлар

Абрамов ҳакамлар фаолияти ҳақида ҳам танқидий фикр билдирди. Унинг айтишича, ўйин пайтида рақиб жамоа вақтни чўзишга уринишни кўп қўллаган, аммо ҳакамлар бу ҳолатларга етарли реакция кўрсатмаган.

— «Бундай ўйинда атиги 6 дақиқа асосий вақтга қўшиш? Бу ҳайрон қоларли. Ўзгаришлар 10 марта бўлдими? Вақт чўзилишичи? Ҳаммаси учун бор-йўғи 6 дақиқа… Қизиқ», — деди мураббий.

Медаллар учун имконият қандай?

Мураббийнинг айтишича, «Динамо» ҳали ҳам медаллар учун курашда. Бронза медали жамоанинг ўз қўлида, аммо кумуш — энди фақат уларга боғлиқ эмас.

— «Ҳаммаси ўз қўлимизда эди. Чемпионлик учун ҳам курашда эдик. Шунга қарамай, охиригача майдонда бор куч билан ҳаракат қиламиз», — деди Абрамов.

Ратинионинг ҳолати ташвишли

Мураббий Ратинионинг жароҳати жиддий эканини тан олди. Унинг «Насаф»га қарши ўйинда майдонга тушиши амалда мумкин эмас. Операция керакми-йўқми — буни вақт кўрсатади.

Келаси ҳал қилувчи беллашув

Ҳозирги кунда «Динамо» 57 очко билан 4-ўринда, «Насаф» эса 58 очко билан 3-поғонада бормоқда. Жамоалар 29 ноябрь куни Қаршида ўта муҳим учрашувда тўқнаш келади. Ушбу беллашув ҳар икки томон учун мавсум тақдирини белгилаши мумкин.

Самарқанд жамоаси олдида энди фақат битта вазифа бор: қолган барча имкониятлардан максимал даражада фойдаланиш ва охиригача курашиш.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Вадим Абрамов нол кўрсаткичдан кейин жамоани очиқча танқид қилди