Каррагер "Арсенал" футболчисидан узр сўради

Машҳур "Ливерпул"нинг собиқ ҳимоячиси Жейми Каррагер "Арсенал" ҳужумчиси Эберечи Эзени мақтади. Унинг хет-трики якшанба кунги Премьер-лига учрашувида "Тоттенҳем" устидан қозонилган 4:1 ҳисобидаги ғалабада асосий роль ўйнади.
27 ёшли футболчи "Тоттенҳем"га қарши 12-тур доирасидаги учрашувда 41, 46 ва 76-дақиқаларда гол уриб, жамоасини йирик ғалабага олиб чиқди. "Эзе "Арсенал"га ўтганида, у ўйинларнинг натижасини ўзи ўзгартира олмайди, деб ўйлагандим.
Менинг хатом эди. Бу трансфернинг нақадар муҳимлигини англамаган эканман.
Эзе ҳақиқатдан ҳам жамоага катта таъсир ўтказа олади ва ҳатто чемпионликни олиб келиши мумкин", – деди Sky Sports эксперти Каррагер Лондон дербиси ҳақида ўз фикрини билдирар экан. "Арсенал" Эберечи Эзени жорий йилнинг август ойида "Кристал Пэлас"дан 70 миллион евро эвазига сотиб олган эди.