
Италия терма жамоаси, "Милан" ва "Интер" клубларининг собиқ дарвозабони Лоренцо Буффон 95 ёшида вафот этди. Бу ҳақда унинг қизи Патриция "Quotidiano Sportivo" нашрига маълум қилди.
Лоренцо Буффон Жанлуижи Буффоннинг бобоси билан амакивачча эди. Футбол афсонаси юрак тўхташи сабабли ҳаётдан кўз юмди, у туғилган кунига бир ой етмай вафот этди.
"Милан" ва "Интер" клублари дарвозабон хотирасига бағишланган хабарларни ўз расмий сайтларида ва ижтимоий тармоқларда эълон қилишди. Лоренцо Буффон 1949-1959 йилларда "Милан" шарафини ҳимоя қилган, 1960-1963 йилларда эса "Интер"да ўйнаган.
У беш карра Италия чемпиони ҳамда бир марта Лотин кубоги ғолиби бўлган. Италия терма жамоаси сафида Буффон 15 ўйинда майдонга тушиб, 17 та гол ўтказиб юборган.
Футболчилик фаолиятини якунлагач, у кам танилган клубларда мураббийлик қилган ва "Милан"да скаут сифатида ишлаган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.