
Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ бош мураббийи Тимур Кападзе маҳаллий телекўрсатувлардан бирида махсус меҳмон сифатида қатнашиб, Индонезиядаги ташрифи атрофида юзага келган гап-сўзлар ва шахсий ҳиссиётлари ҳақида очиқча мулоҳаза билдирди.
Мусоҳабада аввало ундан Индонезияга келганига икки кун бўлганига қарамай, мамлакат оммавий ахборот воситалари, спорт жамоатчилиги ва ижтимоий тармоқлар орасида катта қизиқиш уйғотгани тилга олинди. Турли миш-мишлар, расмий бўлмаган хабарлар ва фейклар тез суръатда тарқалаётгани, Кападзега нисбатан жамоатчилик босими сезилаётгани ҳақида сўралди. Аслида эса бош мураббий дам олиш ва инсонлар билан мулоқот қилиш учун келган эди.
Кападзе бу саволларга самимий тарзда жавоб қилди. У Индонезияга охирги марта келганига анча бўлгани, бу галги ташриф эса чинакам меҳмонлик сифатида ташкил қилинганини айтиб ўтди. У ҳудуддаги муҳитни ҳис қилиш, маҳалла аҳли билан суҳбатлашиш, уларнинг ҳаёт тарзини кўриб чиқиш мақсадида келганини таъкидлади.
Айниқса, Жума куни масжидга боргани, маҳаллий мусулмонлар билан бир саф бўлиб ибодат қилгани унда кучли таассурот қолдирган. Шунингдек, мактабга ташриф буюриши, болалар билан мулоқот қилиши ҳам Кападзега янги тажриба ва катта завқ бағишлаган.
Бош мураббийнинг таъкидлашича, у бу ерда мураббий сифатида иш бошлайдими-йўқми — бу ҳали номаълум. Аммо у учун асосийси — Индонезия халқи маданияти, уларнинг меҳмондўстлиги ва самимиятини ҳис қилиш. У 3–4 кунлик визит давомида фақат ижобий энергия олишни, маҳаллий муҳитни ўрганишни ва ўзи учун муҳим хулосалар чиқаришни ният қилганини айтди.
Кападзенинг бу чиқиши нафақат Индонезиядаги, балки Ўзбекистондаги футбол мухлислари учун ҳам қизиқарли бўлди. Унинг самимийлиги, босимга қарамай хотиржам ва руҳан барқарорлиги мухлисларга ҳам ижобий таассурот қолдирди. Терма жамоа собиқ бош мураббийининг Индонезиядаги ҳар бир қадами эса ҳали бир муддат спорт жамоатчилиги марказида бўлиб туриши шубҳасиз.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.