
Саудия Арабистонининг "Ал-Иттиҳод" жамоаси бош мураббийи Сержиу Консесау Осиё Чемпионлар Лигаси доирасида Қатар клуби "Ал-Дуҳайл"га қарши сафар ўйинида 2:4 ҳисобида мағлуб бўлган ўйиндан сўнг ўз жамоасининг ўйинини кескин баҳолади. Португалиялик мутахассис бошқарувидаги жамоа 0:4 ҳисобида орқада қолган, лекин ўйин охирида иккита гол уришга муваффақ бўлди.
Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Консесау ўз норозилигини яширмади. "Майдонда жамоа эмас, фақат исмлар бор эди.
Бу менинг мураббийлик фаолиятимда биринчи марта юз берди. Менга 50 ёш (15-ноябрда 51 ёшга тўлди), лекин, худо ҳаққи, бугун футболчиларим кўрсатган темпда ўзим ҳам югура оламан.
Умид қиламанки, мухлислар бизни бу ўйин учун кечиради. Ҳозирча айтадиган гапим шу", — деди мураббий TMW нашрига берган интервьюсида.
Ҳозирда "Ал-Иттиҳод" ғарбий ҳудуд жадвалида 6 очко билан 8-ўринни эгаллаб турибди ва 5 ўйинда тўплаган очколар эвазига плей-офф йўлланмаси учун курашни давом эттирмоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.