
ЖЧ–2026 қуръаси эълон қилингани ортидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов ўз таассуротлари билан ўртоқлашди. Форварднинг таъкидлашича, тушган гуруҳ қатъият ва тўғри тайёргарлик билан босиб ўтиладиган йўл ҳисобланади.
Элдорнинг сўзларига кўра, қуръада ҳам «жуда енгил», ҳам «ўта оғир» гуруҳлар бўлиши мумкин эди. Аммо терма жамоа ҳар қандай рақибга қарши майдонга тушишга тайёр эди.
«Менимча, гуруҳимиз мувозанатли ва ўта қийин ҳам эмас. Энг муҳими — ўз ўйинимизни кўрсата олиш. Ҳар қандай гуруҳга тайёр эдим. Бу босқичда кучсиз рақиб бўлмайди», — деди сардор.
Шомуродовдан Колумбия ҳақидаги фикри сўралганда, у рақибни жиддий куч сифатида қайд этди:
«Охирги ўйинларини кўрмаганман, лекин Колумбия доим кучли термалар қаторидан жой олиб келган. Таркибида маҳоратли футболчилар талай. Қуръадан кейин барчасини атрофлича ўрганамиз. Бу Жаҳон чемпионати — бу ерга фақат муносиб жамоалар келади. Бизда ҳам имконият етарли деб ўйлайман».
Термамизнинг етакчиси мухлисларга алоҳида миннатдорлик билдириб, уларни янада бирлашишга чақирди:
«Мухлисларимизга соғлик ва барқарор қувонч тилайман. Улар бизни доимо қўллаб-қувватлашсин. Уларнинг ишончи бизга қувват беради. Юзларини ерга қаратмаймиз».
Шомуродовнинг бу сўзлари жамоа ичидаги ишонч ва руҳий тайёргарлик баландлигини яна бир бор намоён этди. Олдинда эса тарихий имконият — Жаҳон чемпионатида аввалги босқичдан ўтиб, янги саҳифа очиш турибди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.