
Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ЖЧ–2026 қуръаси эълон қилинганидан сўнг мухлислар билан ўз фикрларини баҳам кўрди. Унга кўра, мундиалда кучсиз рақиб бўлмайди ва ҳар бир жамоа билан тўқнаш келиш эҳтимоли аввалдан маълум эди.
Каннаваро термамиз тушган гуруҳни ижобий баҳолар экан, Португалия ва Колумбия каби жамоаларга қарши ўйинлар футболчилар учун улкан тажриба ва катта саҳна бўлишини таъкидлади.
«Бу — Жаҳон чемпионати. Бундай мусобақада ҳар қандай рақиб чиқиши мумкин. Португалия ҳам, Колумбия ҳам ўз тарихига, услубига ва кучли ижрочиларига эга. Биз учун эса бу ўйинлар беқиёс тажриба, ажойиб лаҳза бўлади», — деди Каннаваро.
Унинг фикрича, қуръа натижасига ортиқча хавотир билан эмас, балки ишонч ва оптимизм билан қараш керак:
«Мундиалда иштирок этаётганимизнинг ўзи катта шараф. Қуръада ҳамма нарса содир бўлиши мумкин — бу футбол. Биз бу ерда эканимиздан, Ўзбекистон байроғи остида майдонга тушиш имкониятига эга бўлаётганимиздан жуда мамнунмиз».
Тажрибали мураббий сўзининг охирида футболчиларни қўллаб-қувватлашда давом этишни сўраб, жамоа тўла тайёргарлик билан мусобақага йўл олишини қўшимча қилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.