
АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қиладиган навбатдаги Жаҳон чемпионати учун гуруҳ босқичи қуръаси ташланди. Ўзбекистон терма жамоаси “К” гуруҳидан жой олди ва унда Португалия, Колумбия ҳамда Конго/Ямайка/Янги Каледония саралашдан келадиган жамоа рақиб сифатида учрайди. Қуръа натижалари мухлисларда катта қизиқиш уйғотди ва бу борда футбол шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов ҳам ўз фикрини билдирди.
Шарҳловчининг таъкидлашича, Португалия билан бир гуруҳда тушишни яхши ёки ёмон деб дарҳол айтиш қийин. Аммо тартиб-жадвалга назар ташланса, айниқса иккинчи турда ушбу жамоа билан ўйнаш Ўзбекистон учун муайян устунлик келтириши мумкин. “Португалия биринчи ўйинда Конгони осонлик билан мағлуб этиши эҳтимоли юқори. Шу боис улар бизга қарши тўлиқ куч билан ўйнамаслиги мумкин. Бу эса очко олиш имкониятини оширади. Лекин бунга эришиш учун биринчи турда Колумбияга қарши камида дуранг қайд этишимиз шарт”, дейди Ҳамидов.
У, шунингдек, Криштиану Роналдунинг Ўзбекистонга қарши майдонга тушишини ҳам ижобий ҳолат сифатида баҳолайди. “Роналду ўйнаган ўйинларда бутун жамоа унга ортиқ даражада хизмат қилади. Баъзи беллашувларда унга 30 дан ортиқ узатма қилинган ҳолатлар ҳам бор. Бу вазиятларда у ёки жамоани етаклаб голлар уриб жўнатади, ёки аксинча, самара бермаса танқид остида қолади. Роналдусиз эса Португалия майда паслар билан, эркинроқ ҳаракат қилиб, кўп гол ураётган ўйинлар ҳам бўлган. Шунинг учун айрим ҳолатларда Роналдусиз Португалия хавфлироқ кўриниши мумкин”, — дейди шарҳловчи.
Унинг фикрича, топ-жамоаларга қарши Роналдунинг майдонда бўлиши Португалия учун катта афзаллик, чунки у ҳимоячиларни ўзига тортиб, бошқаларга бўшлиқ очиб беради. Бироқ Ўзбекистон каби рақибга қарши ўйинда Роналдунинг иштирок этиши терма жамоамиз учун фойда келтириши ҳам мумкин.
Ҳамидов фикрига кўра, “оқ бўрилар”нинг плей-офф имконияти биринчи турдаги натижага кучли даражада боғлиқ бўлади. Колумбияга қарши муваффақиятли ўйин барча ҳисоб-китобларни ўзгартиради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.