date

Конте «Наполи»даги келажаги ҳақидаги саволларни жавобсиз қолдирди

Конте «Наполи»даги келажаги ҳақидаги саволларни жавобсиз қолдирди

«Наполи» бош мураббийи Антонио Конте клуб президенти Аурелио Де Лаурентиис билан очиқчасига зиддиятга боришни истамади. «Лацио»га қарши ўз уйида ўтган баҳсдаги 0:2 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг, мутахассис ўз келажаги ҳақидаги саволларга жавоб беришдан қочди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.

Ҳозирда неаполликлар турнир жадвалида пешқадам «Интер»дан 12 очко ортда қолмоқда. Скудетто учун кураш деярли якунлангани сабабли, ОАВда Контенинг ёзда Италия терма жамоасини бошқариши ҳақидаги хабарлар кўпайган.


Де Лаурентиис ҳам мураббий билан хайрлашиш мумкинлигига ишора қилган эди.

«Бу президентнинг муаммоси, у хоҳлаган гапини айтиши мумкин, лекин менинг унга жавобим йўқ. Агар унга айтадиган гапим бўлса, буни оммага эмас, шахсий учрашувда айтаман.


Жимлик сақлаш чемпионат якунигача ҳамма учун фойдалироқ», — деди Конте DAZN телеканалига берган интервьюсида.

Мураббий доимий миш-мишлар унинг ғашига тегаётганини ва исми газета саҳифаларини тўлдириш учун ишлатилаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, ҳозирги вазиятда асосий эътиборни шартномага эмас, балки майдондаги натижаларга қаратиш лозим.

«Лацио» билан ўйин ҳақида гапирар экан, Конте жамоасининг камчиликларини тан олди. «Наполи» 70 фоиз вақт давомида тўпга эгалик қилган бўлса-да, рақиб дарвозасига бирорта ҳам аниқ зарба бера олмади.

Мураббий жамоани ўйинга етарлича тайёрлай олмаганини эътироф этди.

Мавсум якунланишига бешта тур қолганида, «Наполи» бешинчи ўриндаги «Комо»дан саккиз очко олдинда бормоқда. Конте учун асосий вазифа жамоани кучли тўртликда сақлаб қолиш ва келаси мавсумда Европа Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритиш бўлиб қолмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Конте «Наполи»даги келажаги ҳақидаги саволларни жавобсиз қолдирди