
2026 йилги Жаҳон чемпионати яқинлашаётган бир пайтда, АҚШ ҳудудида мундиал қатнашчилари учун мўлжалланган барча инфратузилма — машғулот майдонлари, тренажёр заллари, меҳмонхоналар ва логистика нуқталари бўйича кенг қамровли маълумотлар тақдим этилмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон делегацияси мутахассислари бугун Остин шаҳридаги махсус ажратилган база билан танишиб чиқишди. Делегация аъзолари стадионлар, ётоқхоналар, тикланиш ва тайёргарлик зоналарини атрофлича кўздан кечирди. Шу билан бирга, Сан-Антонио ва Ҳюстондаги вариантлар ҳам ўрганилиб, якуний техник хулосалар муҳокама қилиниши белгиланган.
ФИФА томонидан умумий ҳисобда 61 та локация танлаб олинган бўлиб, улар ҳар бир иштирокчи жамоа учун турар жой ва машғулот масканлари сифатида хизмат қилади. Ушбу манзиллар терма жамоаларнинг ўйин кунида қатнашадиган стадионлар географияси, сафар масофаси ва тикланиш имкониятларидан келиб чиқиб тақсимланади.
Гуруҳ босқичи давомида жамоалар ўйин ўтказиладиган шаҳарларга махсус чартер рейслари орқали етиб боришади яна беллашув якунланиши билан асосий базасига қайтишади. Бу тизим футболчиларнинг камроқ чарчаши ва максимал даражада тикланишига ёрдам бериши кўзда тутилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этмоқда ва "К" гуруҳидан ўрин олган. Ушбу квартетда юртимиз вакиллари Португалия, Колумбия ҳамда плей-офф ғолиби — Конго, Ямайка ёки Янги Каледониядан бирига қарши майдонга тушишади.
Ўзбекистон делегациясининг АҚШдаги ташрифлари давом этмоқда ва терма жамоа учун энг мақбул шароитга эга база танланиши кутилаяпти.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.