5 402
Алишер Аминов: «Ўзбек футболини оёққа турғазиш учун қўлимдан келган барча ёрдамни беришга тайёрман»
Россиянинг «Mk.ru» нашри Россияда фаолият олиб бораётган футбол мутахассиси ва таҳлилчиси Алишер Аминовнинг мақоласини чоп этди. Ўзбекистонда таваллуд топган Аминов 2010 йил Россия футбол иттифоқи президентлиги учун номзод бўлганди. Бироқ кейинчалик ташкилот президентлиги Виталий Муткога насиб қилган. Ўз мақоласида Алишер Аминов Ўзбекистон футболи ва ундаги муаммоларга тўхталиб ўтган. Бунда у вазиятни МДҲ мамлакатларидаги ҳолат фонида тушунтиришга ҳаракат қилган.
- Собиқ Иттифоқ мамлакатларида футболдаги аҳвол бир-бирига ўхшаш. Бунда асосий жиҳат ҳокимиятнинг футболга аралашувида кўринади. Муаммолар илдизи шундан бошланади ва бу охир-оқибат спортдаги натижага салбий таъсирини кўрсатади. Яқиндан билганим учун мазкур ҳолатни Ўзбекистон мисолида кўриб чиқаман.
Муаммолар тизимли ҳарактерга эга. Ўзбекистон футбол федерациясига 1991 йилдан буён асосан давлат амалдорлари раҳбарлик қилиб келди. Фақатгина Осиё қитъасининг ўзида шунга ўхшаш мамлакатлар ўндан зиёдни ташкил қилади. ФИФА эса сўнгги йилларда бу каби муаммоларга панжа ортидан қаради. Ташкилот ўз низомларига терс ўлароқ миллий ассоциациялар ишига давлат органларининг аралашувини кўрмаганликка олди.
Бунда сайловларни бемалол қўштирноқ ичига олиш мумкин. Федерация президентини футбол жамоатчилиги эмас, балки давлатнинг ўзи танлаб беради. Бу каби ҳолат Собиқ Иттифоқ мамлакатларининг деярли ҳаммасида кузатилади. Жумладан, ЎФФда ҳам демократик принциплар ва жамоатчилик фикри шаклланган деб бўлмайди.
Аминовнинг фикрига кўра, футболи ривожланган мамлакатлар бироз бошқа йўлдан юрмоқда.
- Демократия ва ошкоралик самарали фаолиятнинг асосий мезонларидир. Футболи ривожланган мамлакатлар ўз ишини айнан шу принциплар асосида тартибга солади. У ёки бу муаммо аввалига ичши гуруҳлар ёрдамида кўриб чиқилади, кейинроқ эса муҳокама учун қўмитага тақдим этилади. Якунда ўша масала қўмита йиғилишида ўрганилади. Бунда ташкилот президентининг овози қолганларники каби фақатгина 1 тага тенг, ортиқ эмас.
ЎФФда эса сўнгги вақтларда бундай бўлмади. Кадрлар танлови, хусусан, миллий терма жамоага бош мураббий тайинлаш масаласини ҳам шахсан ташкилот президентининг ўзи ҳал қилди. Таклиф киритиши ва президент уни тинглаши керак бўлган мураббийлар уюшмаси эса шунчаки даҳлсиз синф сифатида қолиб кетаверди. Шунга қарамай, салбий натижалар учун президентнинг ўзи эмас, балки мутахассислар балогардон бўлди. Мамлакат бош терма жамоасининг ЖЧ—2018 йўлланмасидан эҳтимолий қуруқ қолиши якунда кадрлар тайёрлаш бўйича профессор, атоқли мутахассис Рустам Акрамовнинг умрбод футболдан четлатиши билан тугаши мумкинлиги ҳақидаги ваъдани эслатишнинг ўзи кифоя. Бу каби ҳолат дунё тажрибасида ҳозирча кузатилмаганди. Агар Акрамов ФИФА ёки ОФК аҳлоқ қўмитасига шикоят аризаси ёзганида, бу ташкилотлар санкцияси бир мунча оғир бўлиши мумкин эди. Бироқ профессор бундай йўл тутмади.
Алишер Аминов миллионлар ўйини учун сарф этилаётган пуллар ҳисобли бўлиши кераклиги ва федерация қошида футболчи ҳамда мураббийларни юридик томондан ҳимоя қилувчи ташкилот тузилиши кераклигига урғу берган.
- Қўмиталар фаолияти шаффоф ҳарактерга эга эмас. Мисол учун ЎФФнинг молиявий ҳисоботи сир тутилади. Ҳаттоки, ташкилот аъзоларининг ўзи ҳам бу ҳақда етарлича маълумотга эга эмас.
Жиддий саволларни келтириб чиқариши мумкин бўлган масалаларга ечим топишда юридик органларга эҳтиёж сезилади. Ўзбекистонда на футболчилар ва на мураббийларнинг касаба уюшмаси мавжуд. Уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эса муҳим аҳамият касб этади. Ўз-ўзидан футболнинг асосий субъекти бўлган футболчи ва мураббийларнинг қизиқишлари ЎФФ томонидан инкор этилади. Натижада бу фирқалар ўз ҳуқуқини ҳимоя қила олмайди. Бундан фойдаланган клуб раҳбарлари келишувларни осон бузиш имкониятига эга. Чунки жабрланувчилар бу борада ҳеч қаерга мурожаат қила олмайди.
Ўзбекистонда худди Россияда бўлгани каби футбол клублари давлат компаниялари ёки бюджети маблағларидан молиялаштирилади. Масалан Россия футбол учун ҳар йили таҳминан миллиард евро сарфлайди. Бу пулларнинг катта қисми футболчи ва мураббийларнинг маоши ёки трансфер ҳаражатлари учун сарф этилади. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, клубларнинг ўзи шу пулнинг 4 фоизини ҳам ишлаб топмайди. Бу давлат пуллари инвестиция эмаслиги, балки чексиз туйнукка учиб кетаётган йўқотиш эканидан далолатдир.
Ўзбекистоннинг профессионал клублари эса россияликлардан 12 марта камроқ — таҳминан 70 миллион евро йиллик харажат қилади. Бироқ шунинг 2 фоизини ҳам ишлаб топа олмайди. Аниқроғи, клублар фойдаси ҳақида сўз очиб ҳам бўлмайди. Нега шундай?
А) Мухлислар футболнинг пул келтириши мумкин бўлган сектори сифатида кўрилмайди. Ваҳоланки вилоятлардаги айрим стадионларда мухлислар ташрифи қониқарли;
Б) Футболнинг медиа соҳасидаги улуши деярли «0» га тенг. Клублар телетрансляциялардан бир тийин ҳам ишлаб олмайди;
С) Хусусий секторнинг футболга эътибори катта эмас. Чунки бу ерда давлат молиялаштирадиган секторлар гегемонлик қилади;
Д) Менежмент соҳаси деярли ишламайди. На ЎФФ, на лигалар, на ўқув муассасалари футбол менежерларини ўқитишнинг замонавий дастуридан фойдаланади. Малакали спорт юристлари ҳеч бир олий ўқув юртидан етишиб чиқмайди.
Шундай хулоса қилиш мумкин: Ўзбекистонда профессионал футбол инқироз кўчасида: лигалар ривожланиш йўлида эмас, клублар қатъий мақсад ва вазифалар йўлида фаолият олиб бормайди, уларнинг кирим ва чиқими орасида даҳшатли фарқ кўзга ташланади ҳамда тинимсиз равишда давлат кўмагига эҳтиёж сезилади. Натижада рақобатбардош футболчилар тарбиялаб бериш вазифаси сифатли бажарилмайди.
Алишер Аминов Ўзбекистон футболини ривожлантириш йўлида қуйидагича таклифлар берган.
- ЎФФга замон талабларига жавоб берадиган яхлит футбол маркази керак. Унинг ичида энг ҳамида 8—10 та майдон, тикланиш маркази, мутахассислар тайёрлаш маркази, меҳмонхона комплекси бўлиши шарт. Чунки бу энг асосий параметрлардир.
Россия ва Ўзбекистон футболида яна бир умумий муаммо бор. Ўз вақтида бу мамлакатлардаги илмий-методик қўлланмалар жаҳонда энг илғори ҳисобланган. Яқин-яқингача Собиқ Иттифоқ мамлакатлари шу қўлланмалардан фойдаланиб келди, бироқ замонавий мутахассислар тайёрлаш ҳақида ҳеч ким ўйламади. Масалан, Россияда илмий-методик қўлланмалар чиқариш деярли тўхтади. Чунки мамлакатда футболни илмий-назарий томондан ўрганадиган мутахассислар қолмади.
Бу борада Ўзбекистоннинг юриши анчагина яхшироқ эди. Тан олиш керак, қолган мамлакатлар билан қиёслаганда биз мураббийлар тайёрлашга нисбатан жиддийроқ эътибор бердик. Ўқув курсларидан етишиб чиққан кадрлар борасида МДҲнинг ҳеч бир мамлакати Ўзбекистон билан ҳисоблаша олмайди. Бироқ сўнгги йилларда бу ҳолатда ҳам оқсашлар кузатилди.
Энди таълим учун инвестиция йўқ, илмий-методик йўналиш деярли «ўлик» ҳолатда, федерация мураббийларни ўқитиш учун уларни халқаро курсларга юбормайди, жаҳон даражасидаги мутахассислар ишини федерация арзон баҳолайди. Бу эса ўзбек футболини замонавий тенденциялардан узоқлаштирди. Бунинг орқасидан малакали кадрлар ё бошқа ишга ўтиб кетди ёки мамлакатни бутунлай тарк этди.
Футбол таҳлилчиси мақоласининг сўнггида ЎФФга қўлидан келганча ёрдам беришга тайёр эканини билдирган.
- Ўзбек футболи ҳар доим ўз юзига эга бўлган. Собиқ Иттифоқ терма жамоаси таркибида бу мамлакатнинг бир қатор футболчилари тўп суриб, рақобатда ютиб чиққан: Геннадий Красницкий, Юрий Пшеничников, Биродар Абдураимов, Владимир Фёдров, Михаил Ан, Василис Хадзипанагис каби номларни эслашнинг ўзи кифоя.
Қайтариб айтаман, мамлакат футболининг ривожи ЎФФ ва ички чемпионат фаолиятининг самарадорлиги билан бевосита боғлиқ. Ҳеч бир жаҳон даражасидаги мураббий унга миллионлар тўлаган тақдирингда ҳам миллий терма жамоа учун натижа қилиб бера олмайди, агар футбол тизими ва федерация фаолияти тўғри йўлга қўйилмаса. Тўғри, бунинг ичида алоҳида муваффақиятлар ҳам бўлиши мумкин. Бироқ бу ўзининг тизимли ҳарактерига эмас, балки кутилмаганлик ҳолатига эга бўлиб қолаверади.
Ўзбекистон футболини оёққа турғазиш учун қўлимдан келган барча ёрдамни беришга ва бор кучим билан ишлашга тайёрман. Ўзбекистон — менинг ватаним. Мен шу ерда туғилдим, улғайдим, таълим олдим. Рустам Акрамов, Элмар Аминов, Геннадий Красницкий каби инсонлардан футбол асрорларини ўргандим.
Қайтариб айтаман, иш самараси мамлакат раҳбарияти футболда жиддий ўзгаришларни истаган тақдиридагина кўриниши мумкин. Буни эса тўғри тушунмоқ керак.
Алишер Аминов, футбол мутахассиси
Манба: daryo.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Кипр ҳукумати россиялик ва украиналик миллиардерларнинг «олтин» паспортларини олиб қўйди
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Вирус UFC ни дунёга танитди
Британияда 3 та ҳарбий база узра УУА парвози қайд этилди
"Пахтакор"нинг ўйини мутахассис нигоҳида: "Менимча, ғалаба учун эмас, бир очкони сақлаб қолиш учун ўйнади"
Асир: Украина аскарлари отишни интернетдаги видеолар ёрдамида ўрганишади
БААда исроиллик раввин ўлдирилиши юзасидан Ўзбекистон томони баёнот берди