
Мадриднинг «Реал» клуби ёзги трансферлар ойнасида жиддий ўзгаришларга қўл уришни режалаштирмоқда. Испания ва хориж ОАВларида тарқалаётган хабарларга кўра, «қаймоқранглилар» раҳбарияти жамоа таркибини оптималлаштириш ва молиявий балансни яхшилаш мақсадида бир йўла саккиз нафар футболчи билан хайрлашишга тайёр.
Манбаларнинг таъкидлашича, клуб асосан мавсум давомида ўзини тўлиқ намоён эта олмаган ёки асосий таркибдан мунтазам ўрин топишда қийналаётган футболчиларни сотиш орқали катта маблағ ишлаб олишни кўзламоқда. Ушбу рўйхатда биринчи бўлиб бразилиялик вингер Родриго номи тилга олинмоқда. Мадрид клуби уни сотишдан энг катта фойда олиши мумкин, деб ҳисобланмоқда.
Шунингдек, захира дарвозабони Андрей Лунин ҳам жамоани тарк этиши мумкин бўлган футболчилар сафига киритилган. Ҳимоя чизиғида эса Ферлан Менди ва Фран Гарсия билан хайрлашиш варианти кўриб чиқилмоқда. Ярим ҳимояда Дани Себальос, Браим Диас ва Эдуардо Камавинга ҳам келажаги ноаниқ бўлган ўйинчилар қаторида тилга олинмоқда. Ҳужумчи Гонсало Гарсия ҳам ёзда «Реал»дан кетиши эҳтимол қилинмоқда.
Клуб раҳбарияти бу қарорлар орқали янги трансферлар учун маблағ ажратиш ва жамоани янада рақобатбардош қилишни мақсад қилган. Айни пайтда «Реал» Испания Ла Лигасининг 16-туридан сўнг 36 очко жамғариб, турнир жадвалида иккинчи поғонада бормоқда.
Ёзги трансферлар ойнаси «қироллик клуби» учун фаол ва кескин қарорларга бой бўлиши кутилмоқда. Мухлисларни эса олдинда қизиқ ва муҳим янгиликлар кутиб турибди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.