date

Нури Шаҳин “Башакшеҳир"нинг кечаги ғалабаси ҳақида нималар деди?

Нури Шаҳин “Башакшеҳир"нинг кечаги ғалабаси ҳақида нималар деди?

Туркия Суперлигасининг 16-тури доирасида “Самсунспор” ўз майдонида “Истанбул Башакшеҳир”ни қабул қилди. Учрашув меҳмонлар фойдасига 2:0 ҳисобида якунланиб, Нури Шаҳин жамоаси муҳим сафар ғалабасини қўлга киритди. Беллашувдан сўнг “Башакшеҳир” бош мураббийи ўйин тафсилотлари ва жамоасининг ҳаракатлари ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Нури Шаҳиннинг таъкидлашича, мазкур ғалаба жамоа учун алоҳида аҳамият касб этган. У кучли рақибга қарши қўлга киритилган 3 очкони жуда қимматли деб баҳолади. Мураббийнинг айтишича, ўйин давомида жамоа режалаштирилган барча вазифаларни ҳам тўп билан, ҳам тўпсиз ҳолатларда тўлиқ бажара олган.

— Биз учун жуда муҳим учрашув эди. Бошидан охиригача майдонда устунликни сақладик ва ғалабага тўлиқ муносиб ўйнаганимизга ишонаман. Футболчиларим барча кўрсатмаларни аниқ бажаришди, натижада сафардан 2:0 ҳисобида ғалаба билан қайтдик. Бу мени жуда қувонтирди, — деди Шаҳин.

Мутахассис сўзларини давом эттирар экан, жамоадаги барча футболчилар ва клуб атрофида меҳнат қилаётган ходимларни алоҳида таъкидлади. Унинг фикрича, бу натижа катта меҳнат ва жипслик самараси ҳисобланади.

— Бу баҳс биз учун маълум маънода ўтиш босқичи бўлди. Шу сабаб барча футболчиларимни табриклайман. Клубда меҳнат қилаётган ҳар бир инсондан миннатдорман. Ҳамма ўз ишини сидқидилдан бажаряпти. Бугун ана шу меҳнатнинг мевасини кўрдик. Учрашув умуман осон кечмади, чунки “Самсунспор” таркибида сифатли ва кучли ўйинчилар бор. Шунга қарамай, яккакурашларда ҳам, позицион ўйинда ҳам устун бўлдик ва керакли натижани қўлга киритдик, — деди Нури Шаҳин.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ушбу учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчилари Аббосбек Файзуллаев ва Элдор Шомуродов “Истанбул Башакшеҳир”нинг асосий таркибида майдонга тушишди. Элдор Шомуродов беллашувнинг энг фаол футболчиларидан бири бўлиб, бир гол ва бир голли узатма билан жамоасининг ғалабасида ҳал қилувчи роль ўйнади.

Ушбу ғалаба “Истанбул Башакшеҳир”нинг турнир жадвалидаги ўрнини мустаҳкамлаб (20 очко, 8-ўрин), жамоанинг мавсумдаги мақсадларига ишончни янада оширди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Нури Шаҳин “Башакшеҳир"нинг кечаги ғалабаси ҳақида нималар деди?