
АПЛнинг 16-тури доирасида “Манчестер Сити” сафарда “Кристал Пэлас”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Ишончли ва назоратли ўйин кўрсатган “шаҳарликлар” сафида айниқса Матеус Нунешнинг ҳаракатлари эътибор марказида бўлди. Португалиялик футболчи ушбу беллашувда ассист қайд этиб, бош мураббий Хосеп Гвардиоланинг алоҳида мақтовига сазовор бўлди.
Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Гвардиола Нунешнинг жамоадаги ўсишини юқори баҳолади. Унинг таъкидлашича, Матеус сўнгги пайтларда ўз устида жиддий ишламоқда ва амалда янги роль — ўнг қанот ҳимоячиси сифатида очилиб бормоқда.
“Матеус Нунеш ривожланяпти, у ажойиб қанот ҳимоячисига айланди. У жуда юқори даражадаги футболчи. Холандга берган узатмаси эса фантастик эди”, — деди Гвардиола.
Мураббийнинг сўзларига кўра, Нунеш аслида марказий ярим ҳимоячи бўлишига қарамай, техник савияси ва ўйинни ҳис қилиши туфайли бундай аниқ ва хавфли пасларни бемалол амалга ошира олади. Шу билан бирга, у ўз тезлигини қанотда жуда тўғри қўллаяпти ва ҳимояда Рубен Диашга ҳам катта ёрдам беряпти.
Гвардиола Нунешнинг универсаллигига ҳам алоҳида тўхталди. Испаниялик мутахассиснинг фикрича, Матеус бир неча позицияда ўйнай оладиган камёб футболчилардан бири бўлиб, жамоа учун катта қиймат касб этади. “Унинг ўзига хос тезлиги бор. Илгари бизда бундай тезкор футболчи йўқ эди, ҳозир ҳам кам”, — дея қўшимча қилди у.
Маълумки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов жароҳат олганидан кейин, айнан Нунеш унинг ҳаракат қилаётган ўнг қанот ҳимояси позициясида майдонга туша бошлади ва қисқа фурсат ичида асосий таркиб футболчисига айланди. Ҳусанов эса сўнгги бир неча баҳсда захирада қолмоқда.
Шу тариқа, Матеус Нунеш “Манчестер Сити”да янги ролда ўзини намоён этиб, Гвардиоланинг ишончини тўлиқ оқлаётган футболчилар қаторига қўшилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.