
Роналд Араухо ҳозир Қуддусда. “Барселона” ҳимоячиси, икки йил аввал 80 миллион еврога баҳоланган ва Карлес Пуйолга қиёсланган футболчи бугун эса мухлислар билан суратга тушишдан ҳам тийилмоқда.
Жамоа сардори “Челси”га қарши ўйиндаги омадсиз четлатилишдан кейин муддатсиз таътил сўради. Transfermarkt илк бор футболчининг йўқлиги сабабини “депрессия” деб кўрсатди.
Бу ҳолат фақат Араухонинг муаммоси эмас. У “Челси”га қарши баҳсда чиндан ҳам жуда омадсиз ўйнади: биринчи сариқ карточкани ҳакам билан тортишгани учун, иккинчисини эса тўпни аллақачон узатиб юборган Марк Кукурельяга қарши ўйламай қилинган тэкли учун олди.
Учрашувдан кейин Ханси Флик ҳам бунни тан олди: “У бундай ҳаракат қилмаслиги керак эди”. “Барселона” 10 киши бўлиб қолди ва 0:3 ҳисобида ютқазди.
Табиийки, мағлубият учун энг қулай “айбдор” ҳам топилди. Аммо савол шунда: қачондан бери биз футболчиларни ҳиссиз машина деб қабул қила бошладик?
ESPN маълумотига кўра, Араухо тикланиш учун вақт сўраган ва жисмонан тайёр бўлса-да, руҳан талаб этиладиган даражада рақобатлаша олмаслигини билдирган. Клуб бунга рухсат берди.
Жоан Лапорта сардорни омма олдида ҳимоя қилди, Педри уни “ака-ука” деб атади. Ҳатто “Реал Мадрид” вакили Хаби Алонсо ҳам фикр билдирди: “Улар одам, машина эмас.
Улардан ҳаддан ташқари кўп нарса талаб қилинади”. Рақиб клубдаги йирик фигурадан шундай қўллаб-қувватлов келиши масаланинг қанчалик жиддийлигини кўрсатади.
Араухо учун бундай руҳий зарбалар биринчи марта эмас. 2024 йил январда Испания Суперкубогида “Реал Мадрид”га қарши ўйинда муваффақиятсиз ҳаракатлар фонида Винисиус хет-трик қайд этган, Араухонинг ўзи эса қизил карточка олган.
Орадан икки ҳафта ўтиб “Вильярреал” билан учрашувдаги оғир ўйиндан сўнг Хави кетишини эълон қилганди. Кейин “ПСЖ”га қарши чорак финалда Бредли Барколя билан эпизоддаги тақдирий фол.
Ортидан тиззадаги жароҳат, операция ва мавсумнинг катта қисми. Шартнома бўйича оғир музокаралар, клубнинг уни сотиш эҳтимоли ҳақидаги гап-сўзлар.
Кейин Чемпионлар лигасида “Интер”га қарши баҳс: 93-дақиқада айнан Араухо Франческо Ачерби билан курашда ютқазган эпизод ҳам кўпчилик ёдида. Catalunya Radio хабарига кўра, Араухо бир неча бор хавотир хуружи (ташвиш хуружлари)ни бошдан кечирган ва ҳиссий жиҳатдан бўшаб қолган.
Инсайдер Хуанма Кастаньо эса вазият “кўрингандан ҳам жиддийроқ” эканини айтиб, ҳатто у “Барселона” сафида бошқа ўйнамаслиги ҳам мумкинлигини тилга олди. Marca маълумотига кўра, каталонияликлар қишда, агар сардор тикланмаса, ҳимоя чизиғини кучайтириш учун янги футболчи олиш вариантини ҳам кўриб чиқмоқда.
Аччиқ ҳақиқат шуки, бу босимни маълум маънода ўзимиз яратдик. Ижтимоий тармоқлар танқидни ҳақоратга, таҳлилни эса оммавий “суд”га айлантирди.
Жерар Пике бунни очиқ айтди: интернетни ҳамма хоҳлаганча ҳақорат қиладиган “ахлатхона”га айлантиришни тўхтатиш вақти келди. У бунни бошидан ўтказган: Каталония мустақиллиги атрофидаги сиёсий баҳслар даврида Пике катта нафрат тўлқинига дуч келган ва эътибор бермасликни ўрганган.
“Бир пайт келиб бу носоғлом ҳолатга айланади”, деган у. Аммо бундай “зирҳ”ни ҳамма ҳам қура олмайди.
Ва ҳамма ҳам бунга мажбур эмас. Футбол жамоатчилиги реакцияси ҳам диққатга сазовор.
Уругвай футбол уюшмаси президенти Диего Форлан вазиятга тушунча билан қараш кераклигини айтди. Уругвай терма жамоаси эса ижтимоий тармоқларда Араухо суратни “Биз сен биланмиз, Роналд” деган ёзув билан жойлади.
Инсайдер Фабритсио Романо хабарига кўра, “Барселона” футболчига босим ўтказмаяпти ва ҳозирча унинг ўрнини босадиган ўйинчи излашни ҳам режалаштирмаган. Бу муҳим нуқта: клуб Араухони четга суриб, ҳаммасини “ирода етишмаслиги”га йўйиши, “ишончлироқ” ҳимоячи қидириши ҳам мумкин эди.
Бироқ танланган йўл бошқача: муддатсиз таътил ва жамоатчилик олдида қўллаб-қувватлаш. Лапорта шундай деди: “Биз бирга ютамиз, бирга ютқазамиз.
Бунда ҳеч ким ёлғиз жавобгар эмас”. Ҳозир Араухо Исроилда, христианлар муқаддас қадамжоларини зиёрат қилаётгани айтилади — у маънавий таянч излаяпти.
Кимларгадыр бу ғалати кўринар, аммо ҳар ким қийинчиликдан ўз йўли билан ўтади. Тел-Авив аэропортида у матбуот билан мулоқотдан бош тортди: ҳозир унинг ҳолати бунга мос эмас.
Энди эса ҳаммамиз ўзимизга беришимиз керак бўлган савол бор: нима муҳимроқ? Араухо бир ҳафтада майдонга қайтиб, боши жойида бўлмагани учун яна ҳал қилувчи ўйинда хато қилиши ми?
Ёки у ҳақиқатан тикланиб, бунинг учун ойлар керак бўлса ҳам, ўзини қайта топиши ми? Футбол тобора шафқатсиз конвейерга айланиб бормоқда: футболчилар олдингидан ҳам тезроқ “ёнмоқда”.
Жисмоний жароҳатлар кўпинча тез даволанади, руҳий жароҳатлар эса охиригача эътиборсиз қолади. Кейин эса нега иқтидорли йигитлар 26 ёшида фаолиятини якунлаш ҳақида ўйлаётгани бизни ҳайратга солади.
Араухо ҳикояси турлича якун топиши мумкин: у қайтиб келиб, “Бавария” 80 миллион евро беришга тайёр бўлган ўша мустаҳкам стопперга яна айланиши эҳтимол. Балки “Барселона”ни тарк этиб, бошқа клубда ўзини топади.
Балки, чиндан ҳам, фаолиятини тугатишни танлар. Аммо битта нарса аниқ: агар футболчиларга сарфланадиган материал сифатида муносабатни давом эттирсак, бундай ҳикоялар кўпаяди.
Ва буннинг учун охир-оқибат ўзимизни айблашга тўғри келади. Араухо қачон қайтишини ҳеч ким билмайди.
Ва бу нормал ҳолат. Чунки баъзи нарсалар натижадан ҳам муҳимроқ.
Арман Тигранянц “Zamin”ни Telegram'да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.