
Англия Лига кубоги доирасида «Манчестер Сити»нинг «Брентфорд» устидан 2:0 ҳисобида қозонган ғалабаси жамоани ярим финалга олиб чиқди. Учрашувдан кейин «шаҳарликлар» бош мураббийи Хосеп Гвардиола ўйин, футболчиларнинг ҳаракати ва айрим муҳим лаҳзалар ҳақида атрофлича фикр билдирди.
Испаниялик мутахассис, аввало, учрашувда фаоллиги билан ажралиб турган Савиньо ҳақида тўхталди. Унинг таъкидлашича, бразилиялик футболчининг энг кучли жиҳати — тинимсиз ҳаракат ва олдинга интилувчанликдир. Гвардиоланинг фикрича, Савиньо ҳар доим ҳужумга юзланади, тўхтаб қолмайди ва жамоа ўйинига динамика олиб киради. Ҳа, якуний қарорларда баъзан камчиликлар бор, аммо меҳнаткашлик ва агрессив услуб унинг асосий устунлигидир.
Мураббий Савиньони Жереми Доку билан қиёслаб, жамоанинг сўнгги мавсумларда қанотлардан фойдаланиш услуби ўзгарганини ҳам қайд этди. Айрим баҳсларда соф қанот футболчиларисиз ўйнаётганига қарамай, Савиньога ишонч юқори эканини айтди. Унинг ўнг ва чап қанотда бирдек ҳаракат қила олиши, ёши ёш бўлиши ва ўзига хос жанговор характери келажакда катта ўсиш ваъда қилаётганини таъкидлади.
Учрашувда ҳисобни очган Раян Шеркининг голи ҳақида эса Гвардиола қисқа, аммо аниқ фикр билдирди. Ушбу зарбани мураббий «фантастик» деб атаб, бундай голларни баҳолаш учун мутахассис бўлиш шарт эмаслигини, майдондаги ҳар бир инсон бунинг нақадар чиройли ижро эканини ҳис қилганини айтди:
— “У фантастик гол урди. Буни тушуниш учун на журналист, на мураббий бўлиш шарт — бу жуда чиройли гол эди. Олдин Фил Фоден билан ҳам шундай голларни кўрганмиз.”
Дарвозабон Жеймс Траффорд ҳам Гвардиоланинг эътиборидан четда қолмади. У дарвозада фақат дарвозабон ўйнаши кераклигини таъкидлар экан, Траффордга берилган имконият бежиз эмаслигини билдирди. Мураббий уни юқори даражадаги голкипер деб ҳисоблашини ва жамоада ҳар бир футболчига ишонч билдиришни муҳим деб билишини очиқ айтди.
— “Дарвозада фақат дарвозабон ўйнайди — у чап ҳимоячи бўла олмайди. Ҳозир бу позицияда Доннарумма майдонга тушмоқда, аммо бугун Траффордга имкон бердим. У юқори даражадаги дарвозабон. Мен ҳаммага имкон беришни хоҳлайман.”
Шунингдек, Гвардиола Рико Льюис, Абдуқодир Ҳусанов, Натан Аке ва Мукасанинг ҳаракатларидан мамнун эканини алоҳида қайд этди. Уларнинг ўйини жамоавий тизимга мос келгани ва вазифаларни аъло даражада бажаргани таъкидланди.
— “Бугун Рико, Ҳусанов, Натан ва Мукаса жуда яхши ҳаракат қилишди. Уларнинг ўйинидан мамнунман.”
Ўйин давомидаги айрим муаммоларга тўхталар экан, мураббий дастлабки 10–15 дақиқада прессинг етарлича қаттиқ бўлмаганини тан олди. Бироқ кейинчалик Оскар Бобб ва Савиньонинг ҳаракатлари орқали ўйин назорат остига олинганини айтди. Захирадан майдонга тушган футболчилар эса ўйинга янги суръат ва таъсир олиб кирган.
Оскар Боббнинг жароҳати масаласида Гвардиола эҳтиёткорлик билан фикр билдирди. У футболчи мушакда оғриқ сезганини, эҳтимол сон орқа мушагидан жароҳат олганини айтди ва унинг тезроқ сафга қайтишидан умидвор эканини билдирди.
Абдуқодир Ҳусанов билан боғлиқ эҳтимолий қизил карточка эпизоди эса мураббий томонидан юмор билан изоҳланди. Гвардиола «эртага машғулотда уни қаҳвага таклиф қилиб, шу ҳақда гаплашиб оламиз», дея ҳазиломуз тарзда жавоб берди.
Шу тариқа, «Манчестер Сити» яна бир бор ярим финалга чиқди. Гвардиола эса жамоанинг умумий ҳаракати, захирадаги футболчиларнинг таъсири ва ғалаба учун қилинган меҳнатдан қониқишини яширмади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.