date

ЖЧ-2026 чипталари можароси: FIFA ён берди, аммо муаммо қолмоқда


FIFA ниҳоят мухлислар норозилигига эътибор қаратди. Бироқ бу амалда реал енгилликми ёки шунчаки пиар қадамими, деган савол очиқ қолмоқда.

ЖЧ-2026 учун ҳар ўйинга 60 долларлик янги чипта тоифаси жорий этилмоқда. Дастлаб белгиланган кескин нархлар фонида бу янгилик ёмон кўринмайди, лекин бу чипталар ҳар бир ўйин квотасининг атиги 10 фоизини ташкил этади.

Шунингдек, ҳар бир миллий федерацияга ўз жамоаси ўйинлари учун стадион сигимининг 8 фоизи миқдорида чипта ажратилади. Вақтида ваъдалар бошқача эди.

Етти йил аввал, АҚШ мундиални қабул қилиш ҳуқуқи учун курашаётган пайтда, 21 доллардан юз минглаб чипта бўлиши айтилган, гуруҳ босқичидан финалгача бўлган тўлиқ пакет ҳам қиммат бўлмаслиги таъкидланган. Ҳозир эса, янги чегирмалар ҳисобга олинган тақдирда ҳам, бундай пакетнинг энг арзон варианти камида 4185 долларга тушмоқда.

Дастлаб содиқлик дастури доирасида 6900 доллар атрофидаги нархлар тилга олинган эди. Бу Қатар-2022 билан солиштирганда тахминан беш баробар қиммат.

Европа футбол мухлислари ассосиaцияси (FSE) бу ҳолатни кескин баҳолади: улар нархларни “талон-торож даражасидаги”, “астрономик” дея атаб, бунни “Жаҳон чемпионати анъаналарга хиёнат” сифатида кўрди. Чегирмалар эълон қилингач ҳам, FSE бунни вазиятни вақтинча юмшатишга қаратилган тактика, холос, деб баҳолади.

Рақамлар эса норозиликни кучайтирди: гуруҳ босқичи ўйинлари 180 доллардан бошланади, ярим финал чипталари 920 доллардан, финал эса 4185 доллардан 8680 долларгачa. Германия футбол иттифоқи эълон қилган нархлар рўйхати мухлислар орасида кескин реакцияга сабаб бўлди.

Можаро сиёсий даражага ҳам чиқди. Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ижтимоий тармоқларда авваллари терма жамоа ўйинларига бориш учун пул жамғарганини эслаб, энди FIFA турнир ҳақиқий мухлислардан узилиб қолмаслиги учун кўпроқ чоралар кўриши кераклигини таъкидлади.

Сиёсатчининг футбол баҳсига аралашгани можародаги босим қанчалик кучли эканини кўрсатади. FSE яна бир муҳим муаммони кўтарди: ногиронлиги бўлган мухлислар ва уларнинг ҳамроҳларига мўлжалланган аниқ нарх сиёсати эълон қилинмаган.

Бу тоифа эътибордан четда қолганми ёки атайлаб назарда тутилмаганми, деган саволлар пайдо бўлмоқда. Айни пайтда “соя бозори” ҳам шаклланиб улгурган.

Россияда чипталарнинг қора бозори пайдо бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди: фирибгарлар 150–500 минг рубл эвазига “чипта” сотмоқда, бироқ АҚШ визасини тезлаштириш учун зарур бўлган FIFA PASS тақдим этилмаяпти. Sport Baza маълумотларига кўра, одамлар амалда “ҳавони” сотиб оляпти.

Расмий сотув FIFA сайтида электрон навбат орқали бўлади ва харид дарҳол кафолатланмайди, тўғридан-тўғри кириш имконияти чекланган бозорлар фонида эса чайқовчилар бундан фойда кўрмоқда. FIFA турнирдан тушадиган даромад футболни ривожлантиришга қайта йўналтирилишини айтади.

Чипталар учун 20 миллиондан ортиқ ариза келиб тушгани талаб ниҳоятда юқори эканини кўрсатади. Аммо етти йил аввал бир шартлар ваъда қилиниб, бугун бутунлай бошқа нарх ва қоидалар таклиф этилаётгани фонида табиий савол туғилади: бу Жаҳон чемпионати ким учун?

Корпорациялар ва VIP-ложалар учунми ёки FIFA кўп гапирадиган ўша оддий мухлислар учунми? ЖЧ-2026 2026 йил 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади.

Илк бор 48 та терма жамоа иштирок этади, 104 та ўйин ўйланади, турнир уч мамлакат мезбонлигида ташкил этилади. Кўлам улкан.

Бироқ мухлислар таъкидлаётганидек, FIFAнинг реал ҳаётдан узилиш кўлами ҳам шундан кам эмас. 60 долларлик чипталар кўпчилик учун “кечиккан тасалли”га ўхшайди.

Уларни кимга бериш масаласини миллий федерациялар ҳал қилади, тақсимот мезонлари эса очиқланмаган. Энг содиқ мухлислар деганда ким назарда тутилади: йиллар давомида стадионга қатнаганларми, кўпроқ клуб маҳсулотларини сотиб олганларми ёки ҳаммаси лотереяга боғлиқми?

Чипталар савдосининг биринчи босқичи 13 январда старт олади. Арзон тоифа тезда тугаши аниқ, қолган мухлислар эса 4–5–8 минг долларлик нархларга қараб, кредит олиш ёки ўйинларни уйда телевизор орқали томоша қилиш ҳақида ўйлашига тўғри келади.

FSE қайд этганидек, FIFA салбий реакция кўламини тан олди. Аммо энг муҳим савол ҳануз ўша: ташкилот муаммонинг моҳиятини тушундими ёки шунчаки мухлислар қичқириғини “эшитгандек” кўринмоқдими?
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » ЖЧ-2026 чипталари можароси: FIFA ён берди, аммо муаммо қолмоқда