date

Рауф Инилеев: барқарорлик ва соғлом таркиб — калит омил

Рауф Инилеев: барқарорлик ва соғлом таркиб — калит омил

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Рауф Инилеев Жаҳон чемпионати арафасида жамоанинг имкониятлари, барқарор ўйин аҳамияти ҳамда етакчи футболчиларнинг соғлиғи ҳал қилувчи омил эканини таъкидлади. Унинг фикрича, сўнгги йилларда термаларимизда шаклланган тизим энг катта ютуқ ҳисобланади.

Инилеев таъкидлаганидек, охирги мавсумларда Ўзбекистоннинг барча терма жамоалари юқори савияда ўйин кўрсатмоқда. Энг муҳими эса шу суръат ва барқарорликни сақлаб қолиш. Агар жамоа айнан шу йўлдан оғишмай давом этса, нафақат Жаҳон чемпионатида, балки бошқа йирик мусобақаларда ҳам муносиб натижалар қўлга киритиш мумкин.

Собиқ мураббий Жаҳон чемпионатига чиқишнинг ўзи катта тарихий натижа эканини алоҳида қайд этди. Унинг сўзларига кўра, терма мундиалга тасодифан эмас, тўлиқ ҳақли равишда йўл олди. Табиийки, мухлислар ва мутахассислар кейинги босқичга чиқишни истайди. Бу орзу реал, чунки жамоанинг бунга етарлича салоҳияти бор. Гуруҳда мутлақ фаворит ёки мутлақ аутсайдер йўқ, барча рақиблар билан тенгма-тенг курашиш мумкин.

Инилеевнинг фикрича, энг нозик масала — футболчилар соғлиғи. Замонавий футбол жуда тезкор ва жисмоний жиҳатдан талабчан бўлиб қолди. Агар асосий ўйинчилардан бири жароҳат олса, бу жамоа учун жиддий муаммога айланиши мумкин. Чунки терма захирасида ҳар позицияда Шомуродов, Юсупов ёки Ҳусанов даражасидаги иккинчи вариантлар кўп эмас.

Собиқ мураббий умид билан шундай дейди: агар жароҳатлар четлаб ўтса ва терма Жаҳон чемпионатига энг оптимал таркибда етиб борса, гуруҳдан чиқиш вазифасини бажариш тўлиқ қўлимиздан келади. Қисқаси, ишонч бор, асосийси — барқарорликни сақлаш ва омадни қўлдан чиқармаслик.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Рауф Инилеев: барқарорлик ва соғлом таркиб — калит омил