
«Бухоро» футбол клуби жамоа бош мураббийи Александр Хомяков билан ҳамкорликни давом эттиришга қарор қилди. Клуб матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, томонлар ўртасида икки йиллик янги меҳнат шартномаси расман имзоланди.
Қайд этилишича, мазкур қарор клуб раҳбарияти томонидан жамоанинг барқарор ривожланиши, аниқ белгилаб олинган узоқ муддатли мақсадлар ва профессионал бошқарув тамойилларини сақлаб қолиш йўлида қабул қилинган. Раҳбарият мавжуд йўналишни давом эттириш орқали натижаларни янада яхшилашга умид қилмоқда.
Клуб баёнотида таъкидланишича, Александр Андреевич ўз фаолияти давомида жамоада қатъий интизом, жамоавий бирлик ва соғлом рақобат муҳитини шакллантира олди. Унинг бой тажрибаси, замонавий футболга мос қарашлари ва ишга масъулият билан ёндашуви клуб олдига қўйилган вазифаларни бажаришда муҳим ўрин тутади.
Шунингдек, клуб раҳбарияти бош мураббийга билдирилаётган ишонч тўлиқ эканини алоҳида қайд этди ҳамда келгуси мавсумларда «Бухоро» олдига янада юқори ва амбицияли мақсадлар қўйилганини маълум қилди.
Баёнот сўнгида эса клуб фаолиятини доимий қўллаб-қувватлаб келаётган Бухоро вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Ботир Комилович Зариповга алоҳида миннатдорчилик изҳор этилди.
«Бухоро» мухлислари эса ушбу қарор жамоага барқарорлик олиб келиши ва янги ютуқлар учун мустаҳкам пойдевор бўлишига умид қилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.