
Англия футболида навбатдаги катта трансфернинг контурлари яққол кўрина бошлади. "Манчестер Сити" бош мураббийи Хосеп Гвардиола клубнинг яқин орада амалга оширилиши мумкин бўлган навбатдаги йирик харидига шахсан розилик берди.
Маълумотларга қараганда, “шаҳарликлар” "Борнмут" сафида тўп сураётган вингер Антуан Семеньони ўз сафига қўшиб олишга жуда яқин турибди. Сешанба куни ушбу трансфер бўйича музокаралар янада жадаллашгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Таниқли инсайдер Фабрицио Романонинг қайд этишича, келишув муҳокамаларида Гвардиоланинг ўзи ҳам бевосита иштирок этган. Испаниялик мутахассис 25 ёшли ҳужумкор футболчини жамоага олиб келиш ғоясини тўлиқ қўллаб-қувватлаган. Айтилишича, мазкур трансфер ташаббуси дастлаб клубнинг спорт директори Угу Виана томонидан илгари сурилган.
Манбаларга кўра, Семеньони “Манчестер Сити”га олиб келиш тахминан 75 миллион еврога баҳоланмоқда. Эътиборли жиҳати — битимни 10 январгача якунлаш талаб этилади. Чунки айнан шу санага қадар футболчининг белгиланган товон пули амал қилади.
Агар ушбу трансфер расмийлашса, “Сити” ҳужум чизиғи янада тезкор, техник ва рақобатбардош кўриниш олади. Гвардиола эса навбатдаги универсал ва замонавий ўйинчи билан тактик вариантларини кенгайтириш имконига эга бўлади. Қисқаси, январ ойи “шаҳарликлар” учун жуда қизиқ ўтиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.