
Каталониянинг "Барселона" ҳужумчиси Роберт Левандовски клуб раҳбарияти томонидан билдирилган ғалати илтимос ҳақида тарқалган миш-мишларни шахсан тасдиқлади. Польша юлдузининг айтишича, 2022/2023 йилги мавсум якунига яқин ундан майдонда атайлаб камроқ гол уриши сўралган.
Футболчининг сўзларига кўра, бу масала молиявий жиҳатлар, аниқроғи, бонус тўловлари билан боғлиқ бўлган. Ўша пайтда клуб оғир иқтисодий аҳволда қолган, ҳар бир евро ҳисоб-китоб қилинган ва ортиқча харажатлардан қочиш муҳим саналган.
«Ҳамма нарсани очиқ муҳокама қилишни истамайман. Мен “Барселона”ни, бу ерда ишлайдиган барчани ҳурмат қиламан. Жамоа қандай аҳволда эканини яхши билардим ва клуб манфаати учун кўп нарсага тайёр эдим. Бу бонуслар билан боғлиқ масала эди — ўша пайтда ҳар бир евро муҳим бўлган», — деди Левандовски Rymanowski Live YouTube каналига берган интервьюсида.
Шу билан бирга, у бу ҳолат шахсан ўзига катта таъсир қилмаганини таъкидлади. Аммо ички кураш бўлганини ҳам яширмади: «Баъзан ўзимдан сўрардим — гол урайми ёки йўқ? Лекин бу жамоа учун қилинган қарор эди», — дея қўшимча қилди ҳужумчи.
Маълумот ўрнида, Левандовски 2022 йил ёзида Германиянинг "Бавария" клубидан “кўк-анорранглилар” сафига қўшилган. У дебют мавсумида барча мусобақаларда 46 та учрашувда майдонга тушиб, 33 та гол муаллифи бўлган. Агар унинг самарадорлиги янада юқори бўлганида, шартнома шартларига кўра, “Барселона” немис клубига бир неча миллион евро қўшимча бонус тўлашига тўғри келар эди.
Бу иқрор Левандовскининг нафақат майдонда, балки жамоа манфаати йўлида қабул қилган мураккаб қарорлари ҳам борлигини яна бир бор кўрсатди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.