
Норвегиялик гроссмейстер Магнус Карлсен 2025 йилги рапид йўналишида жаҳон чемпионлигини қўлга киритиб, яна бир бор шоҳмат оламида ўз устунлигини намоён этди. Мусобақадан сўнг у Норвегия телевидениесига интервью бериб, турнир давомидаги ҳолати, ғалабага олиб келган омиллар ва келгуси режалари ҳақида очиқ фикр билдирди.
Карлсеннинг таъкидлашича, ушбу олтин медаль уни катта ҳиссиётларга берилишга ундамади. У рапид формати унинг учун энг асосий йўналиш бўлмаса-да, натижадан мамнун эканини яширмади. Гроссмейстер бу ғалабани юқори даражадаги барқарор ўйин ва тўғри тактик қарорлар самараси сифатида баҳолади.
Журналистлар нега ғалабадан кейин унинг юзида кучли эҳтирос ёки эйфория сезилмаганини сўраганида, Карлсен бунга жуда содда жавоб берди. Унинг сўзларига кўра, турнир тинч ўтган, у эса ғалабани ҳиссиёт эмас, бажарилган ишнинг мантиқий якуни сифатида қабул қилган. Энди эса унинг диққати блиц мусобақасига қаратилган, чунки айнан шу формат норвегиялик юлдуз учун энг севимлиси ҳисобланади.
Турнир боши Карлсен учун анча қийин кечган. У биринчи партияга тайёргарлик жараёнида саломатлиги ва совуқ об-ҳаво сабабли муаммоларга дуч келганини тан олди. Натижада у Владислав Артемьевга мағлуб бўлган. Аммо бу мағлубият уни руҳан синдирмаган, аксинча, кейинги партияларда ўйинини соддалаштириб, ўз услубига қайтишга ундаган.
Шундан сўнг Карлсен кетма-кет бешта партияда ғалаба қозониб, турнир тақдирини ўз қўлига олди. Унинг айтишича, сўнгги кунда барча деталлар ўз жойига тушган ва натижа деярли мукаммал чиққан.
Интервью давомида Ханс Ниманга қарши партия ҳам алоҳида тилга олинди. Карлсен партия аввалида бироз асабийлик бўлганини, аммо ўйин давомида назоратни тўлиқ қўлга олганини айтди. Рақибнинг ортиқча эҳтиёткорлиги эса унга позицион устунликни мустаҳкамлашга ёрдам берган.
Умуман олганда, Карлсен турнирни жуда ижобий баҳолади. Қийин бошланишига қарамай, мусобақа охирида энг юқори натижа қайд этилгани уни қониқтирган. Энди эса барча эътибор блиц бўйича жаҳон чемпионатига қаратилган — у ерда ҳам мухлислар Магнус Карлсендан навбатдаги кучли чиқишни кутиб қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.