Сересо Симеоне билан «Атлетико» Чемпионлар лигасини ютишига ишонади

Мадриднинг «Атлетико» клуби президенти Энрике Сересо жамоа бош мураббий Дийего Симеоне қўл остида Европанинг энг нуфузли совринини қўлга киритишга ишончи комиллигини билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Клуб раҳбари Чемпионлар лигасида ғалаба қозониш ҳар қандай жамоа учун ниҳоятда мушкул экани, бироқ ҳозирги таркиб ва мураббийлар штаби ишлаши «Атлетико»га жиддий мақсад қўйиш имконини бераётганини таъкидлади.
«Чемпионлар лигасини ютиш жуда қийин. Аммо мен Чоло билан бунга эришамиз, деб ишонаман. Симеоне ва шу жамоа билан буни уддалашимиз мумкин, мен оптимистман. Нега биз Чемпионлар лигасини юта олмаймиз?» — дея Сересонинг сўзларини AS келтиради.
Жорий Чемпионлар лигаси мавсумида «Атлетико» олти учрашувда тўртта ғалаба қайд этиб, икки бор мағлуб бўлди. Жамоа 12 очко билан умумий босқич жадвалида 8-ўринда бормоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!