Топпмёллер жамоа тўлиқ тайёр, ҳамма майдонга шошилмоқда

Франкфуртнинг "Айнтрахт" бош мураббийи Дино Топпмёллер Дортмунднинг "Боруссия"сига қарши ўйин олдидан журналистлар билан учрашиб, жамоа ҳолати ҳақида гапирди. Бундеслига 16-тур баҳси 9-январ куни 00:30 да (Тошкент вақти билан) старт олади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Мутахассиснинг айтишича, Фарес Шаиби ҳануз Африка миллатлар кубогида, Элиес Схири эса душанба куни жамоага қайтади. Жароҳатлар сабаб Йонатан Буркардт, Миши Бачуайи ва Тимоти Чандлер сафдан чиққан, Жан-Маттео Баоя эса бетоблиги боис рўйхатда йўқ.
Қолган футболчилар машғулотларда иштирок этмоқда ва кайфият яхши. Топпмёллер танаффус қисқа бўлганини, аммо тикланиш учун етарли бўлганини таъкидлади: "Батареялар тўлиқ зарядланган, ҳамма яна курашга тайёр".
Мураббий рақиб ҳақида ҳам тўхталиб ўтди: унинг фикрича, Нико Ковач қўл остида дортмундликлар ҳимояда анча ишончли кўринмоқда ва жуда меҳнаткаш ўйин намойиш этмоқда. "Бу мавсум уларга илк бор тўқнаш келмаяпмиз. Кубокдаги баҳс учун ҳам ҳали ҳисобимиз бор — ўша ўйинда камида тенгма-тенг курашгандик. Жиддий жанг кутяпман, биз бошиданоқ тайёр бўлишимиз ва кучли ўйин кўрсатишимиз керак", — деди у.
Ҳозирда "Айнтрахт" 25 очко билан 7-ўринда, Дортмунднинг "Боруссия"си эса 32 очко жамғарган ҳолда 2-поғонада бормоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!