Топ-20: “Манчестер Сити”да қайси футболчи қанча маош олади?

“Манчестер Сити” қишки трансферлар ойнасида яна бир бор жиддий қадам ташлади. “Шаҳарликлар” аввал ҳужум чизиғини “Борнмут”дан Антуан Семеньо билан бойитган бўлса, ортидан марказий ҳимояга “Кристал Пэлас”нинг етакчиси Марк Гехини олиб келди. Табиийки, бундай харидлардан кейин ОАВнинг биринчи саволи битта: янги футболчига “Сити” қанча тўлаяпти?
Англия футболи ҳақида ёзаётган манбалар айнан шу жиҳатга эътибор қаратди. Хусусан, transfermarkt.world портали “Манчестер Сити”да энг катта маош олаётган футболчиларнинг топ-20 рўйхатини эълон қилди.
Рейтинг тепасида, кутилганидек, Эрлинг Холанд турибди. Ўтган йили шартномасини 2034 йилнинг ярмигача узайтирган норвегиялик тўпурар клубдан йилига 31,5 миллион евро даромад олаётгани қайд этилди. Қисқаси, “Сити”даги маош пирамидасининг чўққиси ҳали ҳам Холанд номи билан боғлиқ.
Марк Гехи эса Манчестерга келиши биланоқ иккинчи поғонага чиқди. “Шаҳарликлар” лиганинг энг ишончли марказий ҳимоячиларидан бири сифатида кўрилаётган футболчини кўндириш учун йилига 18 миллион евро тўлашга тайёр бўлган.
Қизиғи, жамоа сардори Бернарду Силва ҳам айни пайтда худди шу — 18 миллион евро миқдорида мояна оляпти. Аммо португалиялик юлдузнинг шартномаси 30 июнь куни тугаши айтилмоқда. Агар янги келишув тузилса, кейинги маоши бу даражада баланд бўлмаслиги ҳам эҳтимол сифатида тилга олинган.
Рейтингда тўртинчи ўриндан жой олган футболчи — мисрлик ҳужумчи Умар Мармуш. Унинг йиллик маоши 17,7 миллион евро деб баҳоланган.
Кейинги қаторда дарвозабон Жанлуижи Доннарумма ҳамда тажрибали марказий ҳимоячилар — Жон Стоунз ва Рубен Диаш турибди: уларнинг ҳар бири бир мавсум учун 15 миллион евродан ишлаб топади.
Ўрта қатламдаги “қадрлилар” ҳам кам эмас: Тижани Рейндерс — 13,8, Фил Фоден — 13,5, Родри — 13,2 миллион евро. Йошко Гвардиолга 12 миллион евро тўланиши, Райан Шеркининг маоши 10,8 миллион евро экани ҳам қайд этилган.
Захирада кўпроқ кўринаётган Натан Аке 9,6 миллион евро олаётгани учун ҳам жамоадан кетишга шошилмаётгани ҳақида фикрлар келтирилган. Антуан Семеньо эса музокараларда ҳар мавсум учун 9 миллион еврога кўнган — бу унинг аввалги клубидаги шартлардан анча “ширинроқ” рақам. Шу билан бирга, жорий мавсумда ҳали майдонга тушмаган Матео Ковачич ва Кэлвин Филлипс ҳам йилига 9 миллион евродан маош олади.
Рейтинг қуйи поғоналарида Матеуш Нуньеш (7,8 млн), Райан Айт-Нури (7,2 млн), бу мавсум ҳали майдонга тушмаган Штефан Ортега (5,4 млн) ва асосий таркибдаги ўрни “қимирлаб” қолган Савио (4,8 млн) келтирилган.
Энг кўп муҳокама бўлган нуқта эса — Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг топ-20 рўйхатидан ўрин олмагани. Оммавий ахборот воситаларида 21 ёшли ҳимоячининг “Манчестер Сити”даги йиллик маоши тахминан 3,5 миллион евро атрофида экани ҳақида маълумотлар тарқалган. Демак, айнан шу сабабли Ҳусанов катта маош олувчилар рўйхатидан четда қолган.
Лекин футболда бир нарса аниқ: маош — статус, ўйин эса — обрў. Агар Ҳусанов майдонда ҳозирги темпда ўсишда давом этса, кейинги шартнома музокараларида рақамлар ҳам “ўзи” кўтарилиши мумкин. “Сити”да эса бундай имкониятлар бор: ишончни оласан — навбатдаги босқич автомат равишда очилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!