date

Беллингемнинг “рюмка” ишораси: мухлисларга кескин жавоб бўлди

Беллингемнинг “рюмка” ишораси: мухлисларга кескин жавоб бўлди

УЕФА Чемпионлар лигасининг умумий босқичи 7-турида «Реал Мадрид» ўз майдонида «Монако»ни 6:1 ҳисобида катта фарқ билан мағлуб қилди. Ушбу гўзал ва тўлақонли ғалабада ярим ҳимоячи Жуд Беллингем ҳам ўз ҳиссасини қўшди: у 80-дақиқада гол уриб, «Сантьяго Бернабеу» трибуналарини яна бир бор оёққа турғизди.

Бироқ ўша голдан ҳам кўра кўпроқ муҳокамага сабаб бўлган эпизод — Беллингемнинг урган голини нишонлаши бўлди. Англиялик футболчи голни нишонлар экан, гўё рюмкадан ичимлик ичаяптими, дегандек ишора қилди. Бу ҳаракат ижтимоий тармоқларда бир зумда тарқаб кетди ва турли талқинлар пайдо бўлди.

Гап шундаки, аввалроқ испаниялик блогер «AuronPlay» Беллингем ҳақида алкоголь билан боғлиқ гўёки муаммолар борлигини тилга олган эди. Табиийки, Беллингемнинг “рюмка” ишораси кўпчиликка айнан шу гапларга жавобдек туюлди.

Учрашувдан кейин Жуд ўз ҳаракатини изоҳлаб, гап-сўзларга нисбатан муносабатини ҳам очиқ айтди:

“Одамлар ҳар хил гапиради. Бунинг учун йиғлаш ҳам, хурсанд бўлиш ҳам мумкин. Мен мухлисларга жавоб қайтардим. Ҳақиқатни эса ўзим биламан”, — деди Беллингем.

Шу билан бирга, у «Бернабеу»да баъзи футболчиларга нисбатан мухлислар реакцияси — хусусан, ҳуштаклар ва танқидлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Беллингем фикрича, мухлислар бундай муносабат билдиришга ҳақли, чунки улар ҳафта давомида меҳнат қилади, стадионга келиш учун пул тўлайди ва ўз ҳиссиётини хоҳлаганча ифода эта олади.

“Мен доим айтаман: мухлислар бутун ҳафта ишлайди, бу ерга келиш учун пул тўлайди ва истаган реакцияни билдиришга ҳақли”, — дея таъкидлади у.

Беллингем айниқса Винисиус Жуниор ҳақида илиқ сўзлар айтди. У бразилиялик вингерни ҳеч қачон шубҳа остига олмаганини, мухлислар қўллаб-қувватласа, Винисиус янада ёрқинроқ порлашини алоҳида қайд этди.

“Винисиус ўзини аъло даражада кўрсатди. Мен унга ҳеч қачон шубҳа қилмаганман. Уни қўллаб-қувватлашса, у янада порлайди. Мухлислар меҳрини ҳис қилганида, у янги даражага чиқди”, — деди Беллингем «TNT Sports» эфирида.

Қисқаси, «Монако»га қарши ўйиндаги катта ғалаба фонида Беллингемнинг бир ишораси ҳам катта мавзуга айланди. Аммо футболчи бундан қочмади — аксинча, “мен ҳақиқатни ўзим биламан” деган позиция билан гапларга нуқта қўйишга уринди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Беллингемнинг “рюмка” ишораси: мухлисларга кескин жавоб бўлди