Луис Энрике ПСЖнинг мақсадини айтди ва огоҳлантирди

Франция чемпионатининг 19-тури доирасида «ПСЖ» сафарда «Осер»га қарши майдонга тушади. Учрашув 23 январ куни соат 00:00 да (Тошкент вақти билан) старт олади. Ўйин олдидан парижликлар бош мураббийи Луис Энрике матбуот анжуманида иштирок этди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Мутахассис жамоа ҳали чемпионатда ўзи хоҳлаган нуқтага етиб бормаганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, рақиблар кўпинча «ПСЖ»га қарши чуқур ҳимоя билан ўйнайди ва парижликлар бундай услубга мослашган. Энрике жамоа турнир жадвалида етакчиликни қўлга киритишни исташини ҳам айтди, бироқ «Ланс» кетма-кет 10 ғалаба қайд этиб, жуда кучли формага кирганини алоҳида қайд этди.
Шунингдек, мураббий «Осер» баҳсда муаммо туғдириши мумкинлигини яширмади: бу жамоа аввалроқ «Марсел», «Лилл», «Ланс» ва «Страсбур»га қарши ўйинларда рақибларни анча қийнган. Энрикенинг фикрича, турнир жадвалидаги қийин вазият «Осер»ни янада жанговар қилади ва улар «ПСЖ»ни ютиш учун бор кучини ишга солади. «Бизнинг ҳам енгилмас эмаслигимизни кўрдик, шунинг учун эҳтиёт бўлиб, ҳар бир ўйинда ғалаба учун жуда кўп ишлашимиз керак. Майдонда бўш ҳудудлар жуда кам бўлади», деди у.
Ҳозирда «ПСЖ» 42 очко билан иккинчи ўринда, «Осер» эса 12 очко билан 17-поғонада бормоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!