Луис Энрике Парижга меҳри, янги шартнома ва кучайтирилган босим ҳақида очиқланди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- PSJ бош мураббийи Луис Энрике шартномасини узайтириб, ўзини Париж маданиятининг бир қисми сифатида ҳис этаётганини билдирди.
- У янги битимдан сўнг масъулият ва босим ошганини таъкидлаб, парижликларнинг эътирофи ва уларнинг ҳаётини ўзгартиргани учун миннатдорлигини ижор этди.
- Энрике франсуз тилини ўрганишда давом этаётганини ва умрининг охиригача Париж билан алоқаси узилмаслигига умид қилишини айтди.
Франциянинг гранд клуби «ПСЖ» бош мураббийи Луис Энрике пойтахт жамоасидаги фаолияти, шартномасини узайтиргани ҳамда Париж шаҳри ва унинг аҳолиси билан ўрнатилган чуқур эмоционал боғлиқлик ҳақида самимий фикр билдирди. Paris No Limit нашри хабарига кўра, испаниялик мутахассис ўзини нафақат клубнинг устози, балки Париж маданиятининг бир бўлаги сифатида ҳис этмоқда.
Европада қатор муваффақиятларга эришган бўлишига қарамай, Энрике янги битимдан сўнг ўз зиммасидаги масъулият ва босим янада ошганини таъкидлади.
«Сиз ҳаётимизни ўзгартирдингиз»: Шаҳар муҳити ва мухлислар муносабати
Испаниялик тажрибали мураббий парижликларнинг эътирофи ва улар билан кечган мулоқотларига алоҳида тўхталди:
Масъулият ва янги босим: «Шартномамни узайтирдим ва энди «ПСЖ» билан яна кўплаб совринларни қўлга киритишга тайёр эканимни исботлаш учун ўзимни янада кўпроқ босим остида ҳис қиляпман. Одамлар жамоадан жуда мамнун эканини айтаётгани учунгина хотиржам бўлиб қолганим йўқ»;
Инсонлар бахти — энг олий мақсад: «Парижликлар кўпинча менга: “Сиз ҳаётимизни ўзгартирдингиз”, дейишади. Ҳаётда бундан ҳам муҳим нарсалар бор, бироқ мураббий учун ўз меҳнати одамларга нимадир бера олганини англаш, улар ва оилалари билан шундай кучли ҳис-туйғуларни баҳам кўриш жуда қадрли»;
Француз тили ва маданият: «Ўзимни ҳақиқий парижлик деб ҳисоблайманми? Умид қиламан! Лекин француз тилимни ҳали анча яхшилашим керак (кулади). Дастлаб гапириш жуда оғир бўлган, гоҳида берк кўчага кириб қолгандек ҳис қилардим. Аммо ривожланяпман ва кун сайин ўзимни эркинроқ ҳис қиляпман. Мен хорижликман, бироқ умрим охиригача шу шаҳар билан алоқам узилмаслигига умид қиламан».
Луис Энрике даври: «ПСЖ» тарихидаги олтин саҳифа
2023 йил ёзидан буён Париж клуби бошқарувида турган Луис Энрике жамоани қисқа вақтда чинакам Европа етакчисига айлантирди:
Европанинг мутлақ чўққиси: Мураббий қўл остида парижликлар икки марта кетма-кет УЕФА Чемпионлар Лигаси бош совринини қўлга киритди ҳамда УЕФА Суперкубогида зафар қучди;
Франциядаги тўлиқ ҳукмронлик: Клуб қаторасига уч марта миллий чемпионат (Лига 1) олтин медалларига эга чиқди, шунингдек, икки марта мамлакат Кубоги ва Суперкубоги соҳибига айланди;
Глобал ғалаба: Париж жамоаси 2025 йилда нуфузли FIFA Қитъалараро кубогини ҳам ўз музейига олиб келди.
Бугунги кунда Луис Энрике нафақат натижалар, балки яратган ўйин фалсафаси ва шаҳарга бўлган ихлоси билан ҳам Париж мухлислари қалбидан мустаҳкам жой олган.































Изоҳлар 0
…