"Манчестер Сити" — "Вулверҳэмптон": Ҳусанов ва Геҳи тандемда ўйнайди

Тошкент вақти билан соат 20:00да Англия Премьер-лигасининг 23-туридан ўрин олган бир қатор баҳслар старт олади. Аммо бугунги дастурдаги энг кўп муҳокама қилинаётган тўқнашувлардан бири — “Манчестер Сити”нинг ўз майдонида “Вулверҳэмптон”ни қабул қилиши.
Айни пайтда “шаҳарликлар” (43 очко, 2-ўрин) натижалар бўйича кўнгилдагидек кетмаётган даврни бошдан кечиряпти: ғалабалар серияси эмас, аксинча, ютуқсиз учрашувлар кўпайган. Шу сабаб бу баҳс улар учун фақат 3 очко эмас, балки кайфият ва ишончни ҳам қайтариб олиш имконияти ҳисобланади. Рақиб эса жадвал қуйи қисмидаги “Вулверҳэмптон” (8 очко, 20-ўрин) — аутсайдер мақомида.
Мухлислар учун яна бир алоҳида қизиқ нуқта бор: “Сити” сафида Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибдан ўрин олди. Демак, бизники майдонга биринчи дақиқалардан тушади ва ҳимояда масъулият катта бўлади. Яна бир интрига — клубнинг янги хариди Марк Геҳи ҳам старт таркибда, яъни дебютини шу баҳснинг ўзида ўтказади. Энг катта сюрприз эса — тўпурар Эрлинг Ҳоланднинг захирада қолдирилгани: Гвардиоланинг бу қарори ўйин давомида алоҳида қизиқ сценарийлар яратиши мумкин.
АПЛ. 23-тур. 24 январ
Манчестер Сити — Вулверҳэмптон
Манчестер Сити: Доннарумма, Геҳи, Ҳусанов, Нунеш, О’Райли, Родри, Рейндерс, Силва, Шерки, Семенё, Мармуш.
Вулверҳэмптон: Са, Гомес, Мане, Андре, Ариас, С. Буэно, Крейчий, У. Буэно, Чачтуа, Москера, Ҳван.
Қисқаси, бугунги баҳсда ҳам гол, ҳам дебют, ҳам тактик сюрпризлар учун “контент” етарли. Энди гап — “Сити” ўз уйидаги босимни тўғри бошқара оладими, Ҳусанов эса бу ишончни яна бир марта оқлай оладими — шунга бориб тақалади.