«Вест Ҳем» Пакетанинг кетиши сабабини расман маълум қилди

“Вест Ҳем” Лукас Пакетани “Фламенго”га трансфер қилиш бўйича бразилияликлар билан келишувга эришди ва футболчига музокара ҳамда тиббий кўрик учун рухсат берди. Клуб баёнотига кўра, Пакета шахсий ва оилавий сабаблар туфайли Бразилияга қайтиб, янги босқични бошлашни қатъий истаган. У 2025 йил июлида Англия Футбол ассоциацияси қоидаларини бузганлик айбловидан оқланган, бироқ икки йил давом этган иш футболчига жиддий руҳий босим ўтказган.
Лондоннинг «Вест Ҳем» клуби ярим ҳимоячи Лукас Пакетанинг «Фламенго»га яқин орада кетиши бўйича муҳим янгиликни эълон қилди. Клуб бразилияликлар билан футболчининг трансфер нархи борасида келишувга эришилганини билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Шундан сўнг Пакета «болғачилар»дан «Фламенго» билан музокара олиб бориш, шунингдек тиббий кўрикдан ўтиш учун рухсат олди.
«Вест Ҳем» баёнотида айтилишича, Лукас шахсий ва оилавий сабаблар туфайли Бразилияга қайтишни ҳамда янги босқични бошлашни қатъий истаган. Клуб, шунингдек, футболчи 2025 йил июлида Англия Футбол ассоциацияси қоидаларини бузганлик айбловидан оқланганини эслатиб, икки йил давом этган иш Пакета руҳиятига жиддий босим бўлганини таъкидлади.
Клуб Пакетани жамоада олиб қолишга уриниб кўрганини, бироқ футболчи қароридан собит қолганини қайд этди. Якунда «Вест Ҳем» ва мураббийлар штаби бразилиялик футболчини қўйиб юборишга кўнишга мажбур бўлди.
Аввалроқ 28 ёшли Лукас Пакетанинг трансфери 42 миллион еврога баҳоланаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.































Изоҳлар 0
…