Арбелоа қаттиқ қарор қабул қилди: Каррерас захирага ўтирди...

2026 йил эндигина бошланди, лекин “Реал” аллақачон бир неча оғриқли “соққилар”ни қабул қилиб улгурди. “Альбасете” ва “Бенфика” билан ўйинлардаги кутилмаган мағлубиятлар “қаймоқранглилар” атрофидаги босимни янада оширди. Бундай вазиятда жамоа бош мураббийи Альваро Арбелоа катта қарорлар қабул қилишга мажбур бўляпти — ва бу қарорлар айрим футболчилар учун жуда ҳам оғир хабар бўлиши мумкин.
Хаби Алонсо даврида янги ҳимоячи Альваро Каррерас деярли “дахлсиз” ҳисобланарди. Бекорга эмас: у учун “Бенфика”га 50 млн евро тўланган, соғлиги тўғри бўлган пайтда эса майдонда 90 дақиқа тўлиқ ўйнайдиган асосий футболчилар қаторида эди. Яъни, Каррерас жамоадаги энг ишончли танловлардан бири сифатида қараларди.
Бироқ AS нашри ёзишича, “Бенфика”га қарши мағлубиятдан кейин Каррерас ўзининг “кафолатланган” мақомини йўқотди. Дам олиш кунлари “Райо Вальекано”га қарши ўйинда Арбелоа уни захирада қолдириб, чап қанот ҳимоясида Эдуардо Камавингага ишонч билдиргани айтилаётир. Бу қарор оддий ротация эмас — айни дамда мураббийнинг “ҳеч кимга иммунитет йўқ” деган очиқ сигналига ўхшаяпти.
Эндиликда Каррерас учун вазият анча ўзгарди. У майдонга тушган ҳар бир дақиқада ўз фойдасини исботлаши, ҳар бир эпизодда рақобатга тайёр эканини кўрсатиши керак бўлади. Чунки “Реал”дек клубда бир марта “ўз-ўзидан асосий” бўлиб қолмайсиз — бу ерда ҳар ҳафта, ҳар ўйинда ўз ўрнингизни қайта-қайта ҳимоя қиласиз.
Бундан ташқари, Арбелоа яна бир муаммо билан юзма-юз: тахминан 1 ойга сафдан чиққан Жуд Беллингемсиз ҳам жамоани “изга солиш”га тўғри келади. Яъни, мураббий бир вақтнинг ўзида ҳам натижа талабини, ҳам таркибдаги кескин рақобатни, ҳам етакчи футболчисиз ўйин қуриш масъулиятини кўтараяпти.
Қисқаси, “Реал”да қиш эртадан қизиб кетди. Арбелоа жамоани титратиб, “қаттиқ қўл” билан тартиб ўрнатмоқчи. Каррерас эса энди 50 млн евролик нархни эмас, 90 дақиқалик ишончни қайта қўлга киритиш учун майдонда гапиришга мажбур.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!