Александр Глеб «Арсенал»нинг Чемпионлар лигасида ғалаба қозонишини истайди

«Арсенал» сафида тўп сурган беларуслик собиқ футболчи Александр Глеб «канонирлар»нинг жорий Чемпионлар лигасидаги имкониятларини баҳолади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Глебнинг таъкидлашича, Лондон клуби турнирнинг умумий босқичини жуда юқори савияда ўтказди. Шунга қарамай, у ҳозирча мусобақа ғолибига аниқ битта фаворитни ажратиш қийинлигини айтди.
«Ҳаммаси 1/8 финал иштирокчилари тўлиқ маълум бўлгач, янада ойдинлашади. Аммо, албатта, собиқ клубим Чемпионлар лигасини ютса ёки ҳеч бўлмаса финалгача етиб борса, хурсанд бўламан», — деди Глеб «RB Sport»га.
Шунингдек, у Чемпионлар лигаси финалида ўйин услуби ҳужумкор, томошабоп икки жамоани кўришни хоҳлашини қўшимча қилди.
Маълумот учун, «Арсенал» Чемпионлар лигасининг умумий босқичини биринчи ўринда якунлади ва саккиз учрашувнинг барчасида ғалаба қозонди. «Канонирлар» турнирнинг янги форматида буни амалга оширган илк жамоа бўлди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!