Педри ва Рафинья йўқлигида «Барселона»ни ким етаклади

«Барселона» Педри ва Рафинья иштироксиз ҳам «Малорка»ни «Камп Ноу»даги учрашувда ишончли тарзда 3:0 ҳисобида таслим этди. Бироқ Ханси Флик айрим футболчилардан кўпроқ талаб қилиши мумкин: қанотларда Кунде ва Балде кутилгандек фаол бўлмади, Касадо ҳамда Фермин ҳам максимал темпни қўша олмади. Ламин Ямал эса 23 марта тўп йўқотганига қарамай, барибир чиройли гол билан якун ясади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Шунга қарамай, мезбонларнинг йирик ғалабасини айнан бир нечта ижрочининг аниқ ва барқарор ўйини таъминлади. Учрашувда Роберт Левандовски 29-дақиқада ҳисобни очди, 61-дақиқада Ямал фарқни оширди, 83-дақиқада эса Марк Бернал якуний нуқтани қўйди.
Ғалабага энг катта ҳисса қўшганлардан бири Левандовски бўлди. «Барселона» ўйинни унчалик ишончли бошламаган паллада айнан поляк ҳужумчининг сезгирлиги ва қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб бориши жамоага йўл очиб берди — у гол билан нафақат ҳисобни очди, балки ўйин ритмини ҳам мезбонлар фойдасига буриб юборди.
Левандовскининг голига олиб келган вазиятда Маркус Рэшфорднинг роли алоҳида эътиборга лойиқ. У чап қанотдан ҳужумни тезлатди, кескинлик яратди ва айнан унинг зарбаси атрофида юзага келган шошқалоқликдан Левандовски унумли фойдаланди. Рэшфорд ўзи протоколда гол ёки ассист билан кўринмаган бўлса-да, бир неча бор узоқ масофадан хавфли зарбалар йўллаб, дарвозабонни ишга солди.
Дани Олмо эса ўйинда энг сермаҳсул ижрочилардан кўринди. У икки голга олиб келган эпизодларда муҳим иштирок этди, тўғри нуқтани топиш, керакли пайтда очилиш ва шерикларини вазиятга чиқаришда ўткирлик қўшди. Олмо бир неча бор ҳал қилувчи паслар билан ҳужумни жонлантириб, прессингда ҳам фойдали ишлади.
Кутилмаган қаҳрамон сифатида эса Эрик Гарсия тилга олинади. Педри йўқлигида у марказга яқинроқ кўтарилиб, тўпни оқилона айлантирди, жамоа темпини ушлаб турди ва ўйин ипларини ўз қўлига олди. Кўп сонли аниқ узатмалар, тўп билан юришлар, шунингдек, ҳимоядаги ишончли ҳаракатлар — тўпларни олиб қўйиш, тўсиб қолиш ва яккама-якка дуэллардаги устунлик — унинг ўйинини юқори баҳолашга асос бўлди.
Учрашув 7-февраль куни «Камп Ноу» стадионида бўлиб ўтди. Натижа: «Барселона» — «Малорка» 3:0.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!