date

Собиқ бош мураббий "Тоттенҳэм"ни топ-клуб деб бўлмаслигини айтди

Собиқ бош мураббий "Тоттенҳэм"ни топ-клуб деб бўлмаслигини айтди

«Тоттенҳэм»нинг собиқ бош мураббийи Ангелос Постекоглу лондонликлар ҳақида қаттиқ, лекин очиқ фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, клуб инфратузилма жиҳатидан қанча “европа стандарти”да бўлмасин, харажат сиёсати ва амбицияси топ-клуб талабларига жавоб бермайди.

Мутахассис қўл остида «Тоттенҳэм» 2024/25 йилги мавсумда Европа лигасида ғолиб чиққан эди. Аммо шунга қарамай, 2025 йил октябр ойида Постекоглу лавозимидан озод этилди. Яъни соврин бор — лекин барқарорлик йўқ. Ва айнан шу нуқта унинг асосий эътирозига айланди.

Постекоглу клубнинг ташқи кўриниши билан ички реалликни солиштирди:
«Албатта, “Тоттенҳэм” ажойиб стадион ва замонавий машғулот базасини барпо этди. Аммо харажатларга, айниқса маошлар тузилмасига қарасангиз, бу топ-клуб эмас. Мен буни ўзим кўрдим, чунки биз трансфер бозорига чиқиб, керакли футболчиларни олиб келмадик», — деди у.

Яъни гап “чиройли лойиҳа”да эмас, гап шунда: топ-клуб деганда нафақат бинолар, балки трансферда қатъият, таркибни кучайтиришда очиқ қўл, соврин учун доимий талаб тушунилади. Постекоглу эса “бизга керакли фигуралар келмади” деган маънода, трансфер сиёсатидаги тўсиқларни очиқ айтди.

Унинг иккинчи зарбаси — клуб менталитети ҳақида. Постекоглу «Тоттенҳэм»да психологик тўсиқ борлигини, айниқса “соврин ҳақида баланд овозда гапириш”нинг ўзи ҳам клуб ичида осон қабул қилинмаслигини таъкидлади:
«Мен “Тоттенҳэм” менталитетини ўзгартиришга ҳаракат қилдим. Иккинчи йилимизда соврин ютиш ҳақидаги гапларим клуб манфаатлари учун эди. Клуб ичида буни айтишга ҳеч ким журъат эта олмасди — улар қўрқишарди. Жамоа бир неча бор титулга яқин келган. Ниҳоят, биз соврин ютиб, бу тўсиқни енгдик. Ва улар нима қилди? Ҳаммасини бузиб, бошидан бошлади. Қизиқ, улар нимага эришмоқчи?» — деди у ESPN’га берган интервюсида.

Бу гаплар — оддий ранжиш эмас, бу “қурган нарсамни ўзлари йиқитди” деган оғриқли айблов. Чунки мураббий логикаси оддий: агар сен соврин ютсанг, кейинги қадам — шу асосда кучайиш. «Тоттенҳэм» эса, унинг фикрича, аксинча йўл танлаган.

Маълумот учун, айни пайтда лондонликлар АПЛ турнир жадвалида 29 очко билан 16-ўринда бормоқда. Устига-устак, клуб кеча — 11 февраль куни — бош мураббий Томас Франкни ҳам истеъфога чиқарганини эълон қилди. Демак, «Тоттенҳэм»даги “қайта бошлаш”лар сериали ҳали тўхтагани йўқ.

Хулоса шундай: Постекоглу айтаётган гап бир жумла билан — стадион топ-клуб қилмайди, қарорлар ва амбиция қилади. Мухлис учун эса бу жуда таниш ҳис: “ҳаммаси бор, фақат тизим ва қатъият етмайди”. энди савол битта — клуб ҳақиқатан нимани хоҳлаяпти: совринларними ёки “лойиҳа”ни сақлаб қолишни?

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Собиқ бош мураббий "Тоттенҳэм"ни топ-клуб деб бўлмаслигини айтди